Ўзбекистон янгиликлари

Олий маъҳад ўқитувчилари учун қишки таътилда малака ошириш курслари ташкил этилди

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент ислом институти талабалар учун қишки таътил даври тасдиқланган ўқув режасига мувофиқ 2020 йил 28 декабрдан 2021 йил 11 январгача этиб белгилан эди.

Шу муносабат билан таътил даврида Тошкент ислом институти педагог-ўқитувчилар учун ўқув жараёнига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, замонавий педагогик технологиялар ва методлар ҳамда ихтисослик фанлари бўйича ўқув семинари ташкил этилди.

Мавзуга доир: Олий маъҳадда талабалар билан қишки таътил олдидан қатор учрашувлар ўтказилди

Бугун, 28 декабрдан бошлаб, ўқув-услубий бўлим томнидан ташкил этилган Тошкент ислом институтида таълимни “Кредит-модуль тизимига ўтказиш, ўқув жараёнини рақамлаштириш ҳамда илмий салоҳиятни ошириш масалалари”га бағишланган 10 кунлик малака ошириш ўқув машғулотлари бошланди.

Семинарнинг биринчи дарсини ТИИ ректори У.Ғафуров ўтиб, мазкур ўқув машғулотларининг моҳияти, вазифалари ҳамда семинарнинг ташкилий масалалари тўғрисида маълумот берди. Ректор якунланаётган биринчи семестрдан сўнг бошланадиган навбатдаги ўқув семестрда амалга ошириши режалаштирилган ишлар, кредит-модуль тизимига ўтиш билан боғлиқ ўқув ва ташкилий масалалари ҳақида тўхталди.

Мавзуга доир: Олий таълимда кредит-модуль шакли: янги ўқув йилида талабаларни нималар кутмоқда?

Айни пайтда ўқув жараёнларида энг муҳим масалалардан ҳисобланган профессор-ўқитувчиларнинг илмий даража ва унвонларини ошириш, докторлик дессертацияларини ёқлаш, илмий тадқиқот мавзуларини кенгашларда тасдиқлатиш каби жараёнларга оид билимлар тақдим қилинди.

2020-2021 ўқув йили маълумотларига кўра, ТИИнинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар”, “Ҳадис ва ислом тарихи”, “Таҳфизул Қуръон”, “Тиллар” ва “Ижтимоий фанлар” кафедраларида 2 та профессор, 74 та магистр, 7 та доцент, 17 та бакалавр даражасидаги ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Рақамлардан кўриниб турибдики, институтда профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятни ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган. Эндиликда эса, қолган ўқитувчиларнинг ҳам докторантурага кириши ёки мустақил ва эркин тадқиқотчи сифатида илмий ишларни бошлаши учун замин ҳозирланмоқда.

Мавзуга доир: Мударрисларимиз фан доктори илмий даражасига эга бўлишади

Ушбу ўқув йилида ТИИ ўқитувчиларидан Аҳмедов Сайқал, Аҳроров Ибодулла, Эркаев Маъмуржон мақсадли тарзда Ўзбекистон халқаро ислом академиясига докторантурага ўқишга кирди. Ҳасанов Улуғбек ва Мелиқўзиев Жаҳонгир эса имтиҳонлардан сўнг илмий иш қилиш учун докторлик тадқиқот ишларини бошладилар.

Таътил давомида ТИИ профессор-ўқитувчиларнинг ўқув, илмий, мутахассислик ва касбий салоҳиятини қўшимча равишда аниқлаш мақсадида IQ, ўзбек ва хорижий тиллар ҳамда информатика фанларидан тест синови ўтказилади. Институт ректор ҳар бир ўқитувчи йил давомида соҳаси ҳамда қизиқиш йўналиши бўйича китоблар мутолаа қилиши бўйича тавсиялар берди.

Ректор томонидан таътил давомида ўқитувчилар олдига ТИИ медиа марказида фанлари бўйича видеодарсликлар тайёрлаш вазифаси қўйилди. Шунингдек, ҳар бир кафедра ўқитувчилари ўз фанлари бўйича институт расмий сайтида нашр этиш учун, масалан, Ақоид, Фиқҳ, Тафсир, Сийрат, Ислом тарихи, Ҳадис ва Қуръони карим каби йўналишларда тизимли равишда илмий мақолалар бериб боришлари лозим.

Анъанавий таълим методлари ҳисобланган хатми кутуб, такрорлаш, савол-жавоб, ўқиб-таржима қилиш каби услублар бўйича илмий ишлар қилиш масаласи ҳам долзарблиги эслатиб ўтилди. Семинарда талабаларни маҳаллий фан олимпиадаларига, шунингдек халқаро Қуръон мусобақаларига тайёрлаш бўйича таклиф ва вазифалар берилди.

Дарс якунида иштирокчилар томнидан бир қатор таклифлар берилди. Илмий салоҳиятни ошириш мақсадида ўқитувчиларнинг докторлик даражасини олиш учун илмий мавзулар танлаб, муҳокамалардан ўтказишгача бўлган даврда нималарга аҳамият бериш кераклиги билан боғлиқ масалалар ҳақида маълумот олиш учун ушбу семинарда мутахассисларни жалб қилиш тавсия этилди. Мазкур семинарларга ЎзХИАдан хорижлик ўқитувчиларни жалб қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ўқув семинари 2021 йилнинг 9 январига қадар давом этади. Сайтимиз орқали ўқув курсларидаги энг муҳим мавзуларга бағишланган дарслар билан сизларни таништириб борамиз.

Бугун ўтган дарс машғулотларидан бири, “Кредит-модуль тизимига ўтиш  нима учун керак? Мақсад, моҳият ва афзалликлари” тўғрисида навбатдаги мақоламизда маълумот берамиз.

ТИИ Матбуот хизмати

1724 марта ўқилди

Янгиликлар

Top