Ўзбекистон янгиликлари

Хайр-саховат, яхшилик, меҳр-оқибат, силаи раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бағишлаб келган. Бундай олижаноб хислатларни ўзида мужассам этган инсон эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатларга эга бўлади.

Инсон ҳаётдан мамнун яшаши учун тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик энг асосий омилдир. Одамлар дарду қувончига шерик бўлиш, оғирини енгил қилиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг ҳикмати ўзгача. Бу билан юртдошларимиз калбида шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғулари янада мустаҳкамланади.

Таъкидлаш жоизки, синовли келган жорий йилда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг кўнгилларига рўшнолик олиб кириш ва қалбларига мамнунлик бахш этиш ҳар қачонгидан-да кенг қулоч ёйди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар боис оғир дамларда ҳеч бир инсон эътибор, ғамхўрлик ва мурувватдан четда қолмади. Бу халқимизнинг меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаб, қийинчиликларни енгиб ўтишда катта аҳамият касб этмоқда.

Шу кунларда бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилаётир. Бутун мамлакатимиз бўйлаб ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбирлари амалга ошириляпти. Жумладан, Наманган вилоятида ҳам жонлиқлар сўйилиб, кам таъминланган оилалар, эҳтиёжманд кишиларга тарқатиляпти, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳадялар, зарур жиҳозлар Меҳрибонлик, Саховат ва Мурувват уйларига етказилмоқда.

Шунингдек, масжидларимизда синовли кунлар ортда қолиши, ёруғ кунлар бардавом бўлишини сўраб, Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони карим хатмоналари ва эзгу дуолар қилинмоқда. Албатта, кўпни кўрган халқимиз юртимизга тинчлик, барқарорлик, бошимиздан бу балолар кўтарилишини сўраб жўр бўлмоқда.

Бу каби хайрли ишлар янги Ўзбекистон шароитида давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ишлари билан чамбарчас олиб борилаётир. Ўз навбатида, бундай улуғвор ва элпарвар ишлар юртдошларимиз бирдамлигини, ҳамжиҳатлигини юксалтириб, Ўзбекистонда учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда муҳим аҳамият касб этади, инша Аллоҳ.

Ёрдамга муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, яхшилик улашиш инсонни икки дунё саодатига етиштиради.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан қиёмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмонни (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда уни (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ёрдам қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шунинг учун меҳр-мурувват, инсонпарварлик, олижанобликка тарғиб қилувчи динимиз таълимотига амал қилган ҳолда, доимо инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга ҳаракат қилайлик. Халқимизга наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзимизга шараф, деб билайлик.

Азал-азалдан ота-боболаримиз фарзандларини мурувватли қилиб тарбиялаш, уларда меҳр-оқибат тушунчаларини шакллантиришга жиддий эътибор берган. Ҳақиқатан ҳам, ўзаро оқибат, меҳр-мурувватнинг нишонаси хайру саховатдир. У қалбларга таскинлик бахш этади. Унинг сабабидан инсон икки дунёда азизу мукаррам бўлади. Бу мўътабар манбалар билан тасдиқланган ҳамда ахлоқий қадриятларимизнинг асосини ташкил этади.

Зотан, мўмин-мусулмонларнинг меҳр-мурувватли бўлишини хоҳлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳам сахийлик ва карам билан йўғрилган эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, энг сахийси ҳамда энг шижоатлиси эдилар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Саховат ва карам муборак динимиз кўрсатмаларида, мўътабар манбаларда кенг тарғиб қилинган. Зеро, жамият саховатпешалик ахлоқи туфайли аҳил-иноқ бўлиш мартабасига эришади. Бу эса халқнинг доимо жамулжам, тинч-хотиржам ҳаёт тарзини таъминлайди. Шу боис инсон сахийлик, қўли очиқлик орқали Яратганга, одамларга ва жаннатга яқинлашади.

Энг муҳими, атрофдагиларда шукроналик, ҳаётдан, жамиятдан розилик кайфияти шаклланади. Шукр эса қувончдир.

Ислом манбаларида “шукр – имоннинг ярми” экани келтирилган. Демак, шукроналик – бахт, фазилат билан сифатланган инсонга жамият ва оилада ҳар доим бахту саодат ҳамроҳ бўлажак.

Айтиш жоизки, бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ниҳоятда кенг. Уларнинг самарасида оддий одамларнинг ҳаётдан розилик даражаси ортиб бормоқда. Зеро, эртанги кунга ишонч, фидойилик, меҳр-мурувват, аҳиллик ва меҳнат – буюк мақсадларга етишнинг ягона, бирдан-бир йўлидир.

Илоҳим, ҳаловатли кунлар бошимизда доим соябон бўлсин! Осойишта ва хотиржам дамларимиз бизга доим ҳамроҳлик қилсин! Меҳр-оқибатимиз йўқолмасин! Барчамизни саховатпешалик сурури тарк этмасин!

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистан мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакили
Манба: “Халқ сўзи” газетаси,
2020 йил 29 декабрь, № 275 (7777)
1778 марта ўқилди

Янгиликлар

Top