Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон халқаро Қуръон, азон ва ҳадис мусобақаларида ўз мукофотини жорий қилади

Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Қарор лойиҳасида зиёрат туризми йўналишида тўғри тарғиботни йўлга қўйиш ва зиёрат объектлари ҳақида илмий асосланган маълумотларни тақдим этиш мақсадида Зиёрат туризмини ривожлантиришни мувофиқлаштириш назарда тутилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академиясининг минтақавий бўлими –Хоразм Маъмун академияси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Мир араб олий мадрасаси тузилмасида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий штат бирликлари доирасида 3 штат бирлигидан иборат «Зиёрат туризмни ривожлантириш илмий бўлими» ташкил этилади.
Зиёрат туризми маршрутларида фойдаланиладиган маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларнинг 2021–2026 йилларда устувор равишда реставрация қилиш дастури тасдиқланади.
Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳасида 2020–2021 ўқув йилининг иккинчи ярим йиллиги (баҳорги семестр)дан бошлаб «Ипак йўли» туризм халқаро университетида, 2021–2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро ва Термиз давлат университетларида «зиёрат туризм», «транспорт логистикаси» ва «креатив саноат» (creative industry) магистратура таълим йўналишларида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш белгиланмоқда.
«Умра+Ўзбекистон» зиёрат туризми дастури доирасида саёҳатни амалга оширувчи йўловчилар учун Ўзбекистон Республикасидан учиб кетишда пул тўланмасдан олиб чиқишга рухсат этилган юк оғирлиги қўшимча 10 килограммга оширилади.
Фармон лойиҳасидан Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги Ислом цивилизация маркази жойлашган «Хаст Имом» маҳалласида қадимий ипак қоғози маркази, Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофдаги 8 нафар буюк уламолар қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси» ни ишлаб чиқиб, Самарқанд шаҳрида ислом дини ва минтақадаги мавжуд дин намоёндалари меросини акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш, Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида таниқли машҳур шахслар инновацион музейини қуриш ва уни ривожлантириш концепцияси бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифалари ўрин олган.
Президент фармони лойиҳасига кўра, 2021 йилдан бошлаб дунё бўйлаб ўтказиладиган Қуръон, азон ва ҳадис мусобақаларида Ўзбекистон номидан «Имомлар юртига саёҳат» мукофоти жорий қилинади.
Шунингдек, 2021 йил август ойига қадар Дин ишлари бўйича қўмита, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги дунё бўйлаб ўтказиладиган Қуръон ҳофизлари ва Ҳадис талабалари мусобақалари ғолиблари ўртасида гранд-финални Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича ҳукумат фармойиши лойиҳасини ишлаб чиқади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1607 марта ўқилди

Янгиликлар

Top