Ўзбекистон янгиликлари

Меҳрга ташна қалбларга илиқлик улашиб

Ислом дини ижтимоий адолатли бўлиш, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмаклашиш, уларни ҳам маънан ҳам моддий қўллаб-қувватлаш, етимлар ва боқувчисини йўқотганларнинг бошларини силашни таълим беради. Хусусан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “… Сиздан, шунингдек, етимлар тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизга) уларнинг молларини қўшиб юборсангиз (зарари йўқ), зеро, улар (бамисоли) ўз биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчи билан ислоҳ этувчини (фарқини) билади. Агар Аллоҳ хоҳласа, сизларни қийинчиликка солиб қўйган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир (Бақара сураси 220-оят).

Ана шундай савобли ишни кўзлаган Тошкент вилояти Янгийўл тумани бош имом-хатиби Баҳодир домла Мадумаров, туман ҳокими Улуғбек Ялгашев ҳамда бир қатор мутасадди раҳбарлар Янгийўл шаҳрида жойлашган “Меҳрибонлик уйига” ташриф буюрдилар. Меҳрга ташна қалбларга илиқлик улашиш мақсадида уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Жонлиқ сўйилди, Қуръон тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди. Таъкидлаш жоизки, мазкур “Меҳрибонлик уйида” 3 кунликдан 3 ёшгача бўлган болалар тарбияланади. Ана шундай янги туғилган чақалоқларга азон айтилди, ҳақларига умидли дуолар қилинди.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади.Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан”, деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар”.

Қилинаётган эҳсонлар, кўнгли ўксик қалбларга кўрсатилаётган меҳр сабаб, иншааллоҳ, жаннатда ана шундай даражаларга эришилса, не ажаб.

 

fitrat.uz

1498 марта ўқилди

Янгиликлар

Top