Ўзбекистон янгиликлари

2020 йилда болаларга энг кўп қўйилган исмни биласизми?

Huquqiy axborot телеграм каналининг хабар беришича, ўғил болаларга Муҳаммад Али исми 19 383 та, қиз болаларга эса Солиҳа исми 18 616 та ном қўйилган.  

Дарҳақиқат, ахлоқий тарбия ва уни амалга ошириш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак сўзлари ҳар бир мусулмон учун дастур бўлмоғи керак: «Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди» (Имом Бухорий ривоят қилганлар).

«Эй Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг ҳаққи нимадан иборат?» деган саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Унга чиройли исм қўйиб, гўзал одоб бериш, дедилар (Имом Байҳақий ривоят қилганлар).

Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизни ҳурматланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар”, деганлар.

Хўш, исломий ва ахлоқий тарбия қай тартибда олиб борилади? Маълумки, оила фақат эр-хотиндан иборат бўлмайди. Балки Аллоҳ фарзанд берса, уларга ўғил-қизлар ҳам қўшилиб, оила катталашиб боради. Натижада ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил – ҳаммаларининг ўртасида ҳам ўзаро муносабатлар бўлади.

Агар Аллоҳ фарзанд бериб, аёл ҳомиладор бўлса, у яхши ният ва истаклар билан ҳалоллик ва покликни янада кучайтиради. Ибодатлар қилиб, фарзанднинг бахтини сўраб, дуолар қилади.

Фарзанд туғилганда эса ота-она Аллоҳга шукрлар қилади. Агар чақалоқ қиз бўлса, хурсандлигини кўпроқ изҳор қилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда фарзанд беришни зикр қилганда олдин қизларни ёдга олган. Кофирлар эса қиз фарзанд кўрганда хафа бўлишар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кўп фарзандлари қиз бўлган.

У зот ўз ҳадисларидан бирида:

«Кимки қиз фарзанд кўриб, сабр қилиб, яхши тарбияласа, улар ота-онаси учун қиёмат куни дўзахдан парда бўлади», деганлар.

Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, бола Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзанднинг ҳиди жаннатнинг ҳидидандир», деганлар.

 

Хуршид Маъруф
тайёрлади

1639 марта ўқилди

Янгиликлар

Top