Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон – бой маданият, қадимий тарихга эга мамлакат

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил январь ойида Германияга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг исломшунос, шарқшунос олимларидан иборат делегация Германиянинг нуфузли университетлари, илмий-тадқиқот марказлари, музей ва қўлёзма фондларида бўлиб, соҳа мутахассислари билан учрашув ҳамда мулоқотлар ўтказганди.

Сафар давомида Германия ва Ўзбекистонда исломшуносликка ихтисослаштирилган таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, буюк аллома ва аждодларимизнинг Германияда сақланаётган нодир асарларини ўрганиш, ҳамкорликда конференциялар, илмий семинарлар ташкил этиш бўйича келишувларга эришилган эди.

Ана шу келишувларга мувофиқ, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё — Африка тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуи доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган онлайн семинарлар ўтказилмоқда.

Ана шундай мулоқотларнинг дастлабкиси Гамбург университети ҳузуридаги Осиё — Африка тадқиқотлар институти директори, профессор Стефан Хайдманнинг “Бухоронинг Ислом салтанатига интеграцияси” мавзуидаги маъруза билан бошланди. Унда нафақат Ўзбекистон ва Германия илмий доиралари вакиллари, балки АҚШ ва Миср Араб Республикасининг шарқшунос ва исломшунос олимлари ҳам иштирок этди.

Яқинда мазкур онлайн-семинар дастуридан ўрин олган навбатдаги маъруза тингланди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, доцент Шовосил Зиёдов “Бухоро кутубхоналари тарихи” мавзуида сўз юритди.

Олим маъруза давомида Бухородаги илк кутубхоналар, Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонасига оид янги маълумотлар, Жўйбор хожаларининг Говкушон кутубхонасига вақф қилган китоблари, Бухоро қозикалонларининг сулолавий кутубхоналарига доир қимматли маълумотлар берилди.

— Кутубхоналар тарихини ўрганиш Ўзбекистон ҳудудидаги илмий-маърифий даражани аниқлаш имконини беради. Бу, ўз навбатида, Ўрта Осиё тарихи бўйича шуғулланаётган тадқиқотчилар учун муҳим маълумотларни тақдим этиши табиий, — дейди Шовосил Зиёдов.

Олимнинг фикрича, мазкур тадқиқотдан кўзланган мақсад Бухоро ҳудудида мавжуд бўлган кутубхоналарни аниқлашдан иборат. Ўзбекистон қўлёзма фондларида сақланаётган айрим асарларнинг келиб чиқиш тарихи номаълум бўлиб қолаётган эди. Семинар Марказий Осиёда мавжуд бўлган китобат тарихи ва кутубхоначилик маданиятини тадқиқ этиш, ушбу ҳудудда яшаб ўтган зиёлиларнинг ҳаёти тўғрисида тўлиқ ва объектив билимга эга бўлиш, янги илмий маълумотлар билан танишишга имкон берди.

Германиялик олимлар иштирокидаги илмий семинарлар шу йилнинг март ойига қадар давом этади. Унда Ўзбекистон заминининг бой тарихи ва маданиятига оид долзарб мавзуларда маърузалар тингланади.

Манба: “Халқ сўзи” газетаси
2021 йил 12 январь, № 7 (7787)
1651 марта ўқилди

Янгиликлар

Top