Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон зиёрат туризмини дунёга тараннум этишда мамлакатимиз элчихоналари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди

12 январь куни Халқаро ислом академиясида мамлакатимизнинг хориждаги элчилари иштирокида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов ва Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарход Арзиев иштирок этган учрашувда Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасини ривожлантиришга доир муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда янгиланаётган Ўзбекистон дунёга ҳар томонлама фаол равишда очилмоқда, юртимизнинг дунёга машҳур зиёратгоҳ, қадамжо ва тарихий объектларига сайёҳларни жалб қилиш орқали мамлакатда сайёҳликни ривожлантириш ҳам ана шу муҳим қадамлардан биридир.
Ўз навбатида, мусулмон оламининг машҳур олимлари Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Матуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино, Беруний, Форобий ва бошқалар замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган, уларнинг зиёратгоҳ комплекслари мамлакатда зиёрат туризмни ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Ўзбекистоннинг кўп асрлик ислом меросини ҳисобга олсак, зиёрат туризмни ривожлантириш мамлакат учун катта истиқболларга эга.
Мулоқотда юртимиз зиёрат туризмни ривожлантириш бўйича бошқа мамлакатларда мавжуд бўлмаган кенг имкониятларга эга экани, ана шу имкониятлар эшигини очиш, уни дунёга тараннум этиш мутасаддилар олдида турган энг муҳим вазифалардан экани ҳам таъкидланди.
Суҳбат давомида ўтган йилги пандемия шароитида тўхтаб қолган зиёрат туризмни ривожлантириш борасидаги белгиланган чора-тадбирларни 2021 йилда янада кенгроқ кўламда амалга ошириш айтиб ўтилди. Жумладан, юртимиздаги йирик зиёратгоҳлар, шунингдек, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Насафий, Нақшбандий ва Яссавий каби улуғ алломаларнинг бой илмий меросларини дунёга кенг тарғиб қилиш мақсадида тажрибали диний соҳа вакилларидан иборат тарғибот гуруҳини шакллантириш таклифи билдирилди. Ушбу гуруҳни режа асосида Россия, Қозоғистон, Туркия, Малайзия, Индонезия, Покистон ва бошқа мамлакатларга сафарларини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, Ҳиндистон, Россия ва Кавказ мусулмонлари, Индонезия, Малайзия, Покистон, Мисрдан зиёратчиларни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар ўтказилаётгани ҳам алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда туризмнинг айнан шу тури бўйича Ўзбекистонга Туркия, Индонезия, Малайзия, Россия, Покистон, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Европа ва араб давлатлари фуқароларида қизиқиш жуда катта экани ва бу борада ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиш орқали яхши натижаларга эришиш мумкинлиги қайд этилди.
Учрашув натижасида зиёрат туризм йўналишида 2021 йил учун аниқ режа ва вазифалар белгиланиб, уларни бажариш юзасидан Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритишга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1428 марта ўқилди

Янгиликлар

Top