Ўзбекистон янгиликлари

Бухорода Ўзбекистон – Саудия Арабистони бизнес форуми ўтказилди

Бухоро шаҳрида Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг ишбилармонлари учун бизнес форум ташкил этилди.

 Унда тегишли вазирликлар, идора ва ташкилотлар мутасаддилари, юртимизнинг барча вилоятларидан мингга яқин турли соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.  

Бизнес форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалари бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков очиб берди.  

Таъкидланганидек, сўнгги тўрт йилда хорижий инвесторлар, жумладан, Саудия Арабистони давлати билан савдо-иқтисодий алоқалар ҳар жиҳатдан ривожланди. Миллий валютани конвертация қилиш билан боғлиқ турли тўсиқлар олиб ташланди. Йирик тадбиркорлик субъектларига ўз бизнес лойиҳаларини эркин амалга ошириши, ишлаб чиқариш ва импорт-экспорт операцияларини йўлга қўйишлари учун қулай шароит яратилди. Солиқ ва божхона амалиётида қатор имтиёз ва преференциялар жорий этилаётгани ўз самарасини бермоқда. Буюк Британиянинг “Oxford” университети томонидан ўтказилган ижтимоий тадқиқот натижасига кўра, Ўзбекистон кимё-фармацевтика, электрон ахборот технологиялари, енгил саноатда тўқимачилик ва ип-йигирув, қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотлари тармоғида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги республикалари орасида етакчи ўринга кўтарилган.  

Сўзга чиққан Саудия Арабистони подшоҳлигининг Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Халид ал Фалих бин Абдулазиз жаноблари диний эътиқоди, дунёқараши, урф-одати ва маданияти, тарихи бир-бирига яқин бўлган икки халқнинг тараққиёт йўлида бирлашишига ситқидил хайрихоҳ эканлигини билдирди.

Ислом оламининг эътирофга лойиқ, азиз авлиёлар юрти бўлмиш Бухоро шаҳрида ўтаётган бизнес форумга араб давлатининг саксонга яқин йирик инвесторлик субъекти, қўшма корхоналар раҳбарлари ташриф буюргани ҳам ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Ўз ўрнида Халид ал Фалих бин Абдулазиз жаноблари самимий қабул учун мамлакатимиз ҳукумати ҳамда вилоят ҳокимлигига ўз миннатдорлигини билдирди.  

Ўзбекистон – Саудия Арабистони бизнес форумида республика Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ҳамда Саудия Арабистонининг Савдо-саноат палатаси вице-президенти Тарик Мохаммед ал-Ҳайдари жаноблари ҳам йиғилганларни ишбилармон доиралар музокараларига бағишланган ўзига хос тарихий аҳамиятга эга тадбир билан табриклашди. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада равнақ топиши халқларимиз фаровон турмуши йўлидаги муҳим қадамлардан бўлишига ишонч билдиришди.

Икки давлат савдо айланмасининг ҳажми биргина 2020 йилнинг 9 ойида 23,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, бунда экспорт ҳажми 0,4 миллион АҚШ долларини ва импорт ҳажми 23,1 миллион АҚШ долларини ташкил этган.  

Айни пайтда республикамизда Саудия Арабистони ишбилармон доиралари томонидан амалга оширилаётган инвесторлик лойиҳалари асосида 14 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 4 таси тўлалигича ўз сармояси, маблағи асосида фаолият юритаяпти. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги бизнес делегациялари, тадбиркорлик субъектлари алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, электрон маиший жиҳозлар, технологиялар ва савдо-сотиқ соҳаларида хорижий ҳамда қўшма корхоналар фаолияти кенгаймоқда.  

Форумда икки давлат ўртасида келишув шартномалари, жумладан, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Савдо-саноат палаталари, Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони давлатлари ҳаво йўллари, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ислом цивилизацияси марказлари раҳбарлари ўртасида Меморандумлар имзоланди.  

Бизнес форумда икки давлат тадбиркорлик субъектлари ўртасида “B2B” кўринишидаги музокаралар, ишбилармон доираларининг бизнес келишувлари ташкил этилди.  

Зариф Комилов, ЎзА

1593 марта ўқилди

Янгиликлар

Top