Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиб аҳоли билан суҳбат ўтказди

Ёшларимиз тарбиясида илмнинг аҳамиятини янада кенгроқ тушунтириш, фарзандларимизни дунёдаги ягона нажот – илму-маърифатга, касб-ҳунарга тарғиб этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди имом-хатиби Мансурхон Даминов 2017 йилнинг 19 март куни Юнусобод туманида жойлашган “Мирзо Улуғбек”, “Адолат”, “Ғайратий” маҳаллаларидаги хонадонларда бўлиб,  ота-оналар, ўқувчи-фарзандлар билан суҳбат ўтказди.

Инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли, бўлишининг муҳим омили – илмга эътибор эканини таъкидлади. Шунингдек, Мансурхон Даминов баъзи ёшларнинг таълимга эътиборсиз муносабатда бўлиб, ўқишга бормаслиги ачинарли ҳолат эканини урғулади. Ота-оналар ўз фарзандининг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига масъул эканини, дарс вақтида беҳуда ишларга чалғимай бор диққат-эътиборини ўқишга жалб этишга қаратиб ўтди.

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бирингиз бошлиқсиз, ҳар бирингиз қўл остидагига масъулдир. Имом ҳам бошлиқдир. У қавмига масъулдир. Эр киши ўз аҳлига бошлиқдир. У аҳлига масъулдир. Аёл киши эрининг уйида бошлиқдир. У болаларига масъулдир», дея марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).

Суҳбат асносида имом-хатиб янги чоп этилган маърифий ва бадиий адабиётлардан совға қилди.

Бундай хайрли ташрифдан мамнун бўлганлар, кўрсатилаётган маънавий эътибордан диллар шод бўлгани, ёшларимиз келажаги китобга ошно тутиниш билан нурафшон бўлишини билдириб қолдилар.

Улкан сўз санъаткори, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганларидек: “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир”.

6204 марта ўқилди

Янгиликлар

Top