Ўзбекистон янгиликлари

“Асма ул-ҳусна” мусобақаси имконияти чекланган юртдошларимиз орасида муваффақиятли ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” фонди пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида гапириш ва эшитиш имконияти чекланган юртдошларимиз ўртасида “Асмаул ҳусна” (Аллоҳнинг гўзал исмлари) ни айтиш бўйича мусобоқасини ўтказди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид, Хайруллоҳ ҳожи Акромов, Диний идора ходимаси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиласи Дилбар Аҳмедова ва Тошкент шаҳар бош отинойиси Зулайҳо Соатовалар қатнашди.

Анъанага мувофиқ анжуман Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Дастлаб эркаклар, сўнг аёл-қизлар ўртасида саралаш мусобақаси бўлиб ўтди. Уларнинг чиқишларини жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Эркаклар мусобақаси якуний натижаси қуйидагича бўлди:
1-ўрин: Носиржон Комилов;
2-ўрин: Мирзоҳид Комилов;
3-ўрин: Ўткирбекка Каримовга насиб этди.

Аёл-қизлар ўртасидаги баҳсларда эса бундай натижа қайд этилди:
1-ўрин Раъно Унбаева;
2-ўрин Наргиза Шерматова;
3-ўрин Дилдора Тоирова соҳибалари бўлишди.

Ғолиб, совриндор ва иштирокчиларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг қимматбаҳо мукофотлари, эсдалик совғалари топширилди.

Мусобақа давомида имконияти чекланган юртдошларимизнинг “Асмаул ҳусна” (Аллоҳнинг гўзал исмлари)ни бир-биридан гўзал тарзда ёддан чиройли айтишлари, улар ижросидаги гўзал саловат ва нашидлар иштирокчиларни қувонтирди, қалбларини тўлқинлантирди.

Аллоҳ таоло ушбу юртдошларимизнинг иймону ихлосини зиёда қилсин, қилаётган амалларига ажрларни янада кўпайтириб берсин, барчамизни сиҳат-саломатликнинг қадрига етиб, ибодату яхшиликларда бардавом бўлишимизни насиб айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1519 марта ўқилди

Янгиликлар

Top