Ўзбекистон янгиликлари

Хабар берганимиздек, бугун, 8 апрель куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги "Доруссалом" жоме масжиди янги биносининг очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги уламолар, мутасадди вакиллар ва намозхонлар қатнашдилар.

Муфтий ҳазратлари ҳамрохлар билан бирга масжиднинг янги биносини кўздан кечирдилар, масъул вакилларнинг жоме ҳақида маълумотини тингладилар. Кейин масжид меҳмонлари “Таҳийяти масжид” (масжид саломи) намозини адо этдилар.

Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари қатнашчиларга юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ишлар, қурилаётган масжидлар ҳақида маълумот бердилар, бу каби хайрли ишлар учун шукр айтиш лозимлиги, масжид қуриш ва жамоат билан ибодат қилишнинг савоби ҳақида маъруза қилдилар.
Масжиднинг барпо бўлганига ҳамд ва саловотлар айтиб, унга ҳисса қўшган инсонлар ҳақига хайрли дуолар қилдилар.

Маълумот учун, “Доруссалом” жоме масжидининг янги биноси қурилиш ишлари Тошкент шахар хокимлигининг 2017 йил 29 майдаги қарорига мувофиқ 2017 йил сентябрь ойида бошланган эди.

Масжид ҳовлиси 60 сотох, хонақоси 24х59 1400 квадрат метр, падвал қисми эса 24х59=1400 квадрат метрни ташкил этади. Жоме тахминан 5000 кишини сиғдиради. 56 метрли икки минора, баландлиги 30 метрли 3 та гумбаз (каттасининг айланаси 10х10, кичиклариники 5х5 метр) масжид кўркига ўзгача маҳобат бериб турибди. Барча шароитларга эга замонавий таҳоратхона (46 та хона ва 78 та таҳорат қиладиган жой) 120 дан ортиқ кишига хизмат қилади.

Шунингдек, 100 ўринли аёллар намозхона ва 30 га яқин кишига хизмат қиладиган таҳоратхона ишга туширилди. Бундан ташқари, масжидда кутубхона, мажлислар зали, имом хатиб ва ноиблар хонаси, ҳисоб ва мутавалли хоналари, ошхона, қоровулхона ва бошқа хоналар мавжуд.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло масжид қурилишига ҳисса қўшган биродарларимизга ажру мукофотларни кўпайтириб берсин, бу каби хайрли ишлар бардавом қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1619 марта ўқилди

Янгиликлар

Top