Азиз юртдошлар!
Юртимиз мўмин-мусулмонлари ва бутун халқимизни ер юзидаги ислом уммати томонидан кенг нишонланаётган улуғ ва муборак айём – Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Эл-юртимиз учун инсонпарварлик, сабр-қаноат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган ушбу қутлуғ байрам кунларида барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, кейинги бир йилдан зиёд вақт давомида бутун дунё мамлакатлари қатори жонажон Ўзбекистонимиз ҳам пандемия билан боғлиқ мураккаб синовларни бошидан ўтказмоқда.
Бундай шароитда Рамазон ойи ва ҳайит байрамининг моҳиятида мужассам бўлган меҳр-мурувват, эҳтиёжманд тоифаларга ҳар томонлама кўмак ва ёрдам кўрсатиш, ҳаёт ташвишлари ва муаммоларини биргаликда, ўзаро елкадош бўлиб ҳал этишдек олижаноб қадриятлар айниқса муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзининг миллий урф-одат ва анъаналарига содиқ, меҳнаткаш, ва саховатли халқимиз ана шундай юксак фазилатларни яққол намоён этиб, муқаддас Рамазон ойини тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида ўтказгани ҳамда ушбу эъзозли айёмни катта шоду хуррамлик билан кутиб олаётгани унга алоҳида файзу шукуҳ бағишламоқда.
Бугунги кунда кенг кўламли ислоҳот ва туб ўзгаришлар натижасида янгиланиб бораётган юртимизда халқ билан мулоқот, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, виждон эркинлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада улкан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, халқимизнинг бой ва қадимий диний-маънавий меросини тиклаш ва фаол тарғиб этиш, буюк аждодларимизнинг табаррук қадамжоларини обод қилиш бўйича олиб борилаётган салмоқли ишларни алоҳида таъкидлаш лозим.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида – калом илмининг атоқли намояндаси Абу Муин Насафий, Наманган вилоятида – тасаввуф таълимотининг йирик вакили Султон Увайс Қараний, Тошкент шаҳрида Сузук ота ёдгорлик мажмуалари бунёд этилди. Кўплаб масжидлар, мадраса ва диний обидалар қайта қурилмоқда ва таъмирланмоқда, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши жадал давом эттирилмоқда.
Муборак Рамазон ойида яна бир улкан хайрли ишни бошлаганимиз – буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг Самарқанд вилоятидаги ёдгорлик мажмуасини ул зотнинг мусулмон оламидаги беқиёс обрў-эътибори ва нуфузига муносиб ҳолда барпо этишга киришганимиз сизларга яхши маълум, албатта.
Миллий тарихимизда биринчи марта кўп жилдли “Ислом” энциклопедияси нашр этила бошлагани ҳам муқаддас динимизнинг асл мазмун ва моҳиятини халқимиз ўртасида кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бораётган бундай амалий ишларимиз янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатимизда Учинчи ренессанс пойдеворини яратиш, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадларимизга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, барча юртдошларимизни ана шу ғоялар атрофида янада бирлаштиришга хизмат қилаётгани айниқса эътиборлидир.
Муҳтарам дўстлар!
Бугунги шиддатли замон барча жабҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда.
Айниқса, дунё миқёсида рақобат тобора кескин ва шафқатсиз тус олаётгани, барқарорликка нисбатан таҳдидлар жиддий тус олаётгани бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашга, фарзандларимизни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашдек ғоят масъулиятли ишга ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият беришга даъват этмоқда.
Зеро, ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир. Мана шу олий ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, жамиятимизда ҳукм сураётган турли миллатлар ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенгликни, фуқаролар орасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш барчамизнинг асосий бурчимиздир.
Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур”, деган сўзлари бугун ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Бинобарин, диний қадриятларимизни, миллий ўзлигимизни улуғлаб яшаш билан бирга, давр талаби бўлган замонавий илм-фан ютуқлари, ахборот технологияларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратишимиз, ёш авлодимизни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашимиз керак.
Ҳурматли уламоларимиз, имом-хатибларимиз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, муҳтарам нуронийларимиз – кенг жамоатчилик яқин ҳамкорликда бу борада янада фаол ва самарали иш олиб борадилар, деб ишонаман.
Қадрли юртдошлар!
Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғиладиган ушбу барокатли ва нурафшон кунда сизларни яна бир бор азизу мукаррам Ийд ул-Фитр билан чин дилдан табриклайман.
Дунёнинг узоқ-яқин мамлакатлари мусулмонларини ҳам самимий қутлаб, уларга тинчлик, бардавом тараққиёт ва фаровонлик ёр бўлишига тилакдошман.
Меҳнаткаш ва оқкўнгил халқимизнинг мўътабар моҳи Рамазонда қилган барча эзгу ният ва дуолари ижобат бўлсин!
Жонажон Ватанимизни, азиз халқимизни Яратганнинг Ўзи паноҳида асрасин!
Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти