Ўзбекистон янгиликлари

Битирувчиларни иш билан таъминлаш – ҳамиша эътиборда

 “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус билим юрти 

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус билим юртида 31 март куни битирувчи курс талабаларини иш жойларига тақсимлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси У.Хўжаев ва Масжидлар бўлими мутахассиси М.Жабборов билим юртига ташриф буюрди. Меҳмонлар билим юрти мудири М.Алимов ва ўқув ишлари бўйича мудир муовини в.б. Р.Маҳмудов ҳамроҳлигида билим юртидаги таълим-тарбия жараёнининг ҳозирги кундаги ҳолати, талабаларнинг яшаш ва ўқишлари учун яратилган шароитлар билан танишиб чиқди.

Сўнгра куннинг биринчи ярмида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш залида битирувчиларнинг иш тақсимоти аввалида ҳар бир талаба билан алоҳида суҳбат ўтказилди. Суҳбатда талабаларга фиқҳ ва ақидага оид, Қуръони каримдаги оятлар ва уларнинг тафсири, турли оқимлар бўйича саволлар берилди.  

Куннинг иккинчи ярмида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш залида меҳмонлар билан учрашув ўтказилди. Билим юрти мударрис-ўқитувчилари иштирок этган учрашувда билим юртидаги таълим-тарбия ишлари, битирувчиларга қўйилган талабларнинг бажарилиши мавзусида суҳбат ўтказилди.   

Куннинг асосий қисмида вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаров ва эътиборли меҳмонлар битирувчи курс талабалари иштирокида иш тақсимоти йиғилишини ўтказди.  Йиғилишни билим юрти мудири М.Алимов  очиқ деб эълон қилди ва кун тартиби билан йиғилганларни таништирди. Кун тартиби тасдиқлангач, М.Алимов билим юрти битирувчиларини масъулиятли хизматларга тайинланаётгани билан табриклаб келгуси ишларида муваффақият тилади ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси У.Хўжаевга сўз берди.

У.Хўжаев ўз нутқи аввалида “Саййид Муҳйиддин махдум” ислом ўрта махсус билим юртининг республикамизда тутган ўрни, ушбу даргоҳда таҳсил олаётган талабаларга яратилган шароитлар, улар эришаётган ютуқлар ҳақида гапириб ўтди ҳамда жорий ўқув йилида ушбу билим юртини 28 нафар талаба ёшлар битиришини, уларнинг келгусидаги фаолияти давридаги муҳим вазифалар ҳақида қисқача сўз юритди. Шунингдек, йиғилишдан олдин битирувчи курс талабаларига қўйилган талаблар асосида ҳар бир талаба билан алоҳида суҳбат ўтказилгани,  айрим талабалар ҳаяжонлангани боис саволларга тўлиқ жавоб бера олмагани, ушбу ҳолат бўйича билим юрти мударрис-ўқитувчиларига тавсиялар бериб ўтганини айтди.

Нотиқ ўз сўзида давом этиб, билим юрти маъмурияти Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакилликлари билан келишган ҳолда ишлаб чиққан билим юртининг 2016-2017 битирувчи курс талабалари иш тақсимоти жадвали билан таништирди. Унга кўра, битирувчи талабалар имом-хатиб ва ноиби-имом вазифаларига ишга тақсим қилинди ҳамда тақсимот бўйича ҳар бир битирувчи икки йил мажбурий хизматни ўтаб бериши, кейин эса билим юртини битиргани тўғрисидаги дипломга эга бўлиши таъкидланди.

Нотиқ ўз сўзи якунида битирувчиларни масъулиятли вазифаларни бажаришга киришаётгани билан табриклаб, уларнинг ҳақларига дуо қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар бўлими мутахассиси М.Жабборов ўз нутқида ҳозирги кунда республикамизда фаолият кўрсатаётган масжидлар, ушбу жойларда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар, имом-ноибларининг хизмат вазифалари ҳақида гапириб ўтди ҳамда битирувчиларга тақсимот қилинган иш жойларидаги фаолиятларида зафарлар тилади. 

Вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаров билим юрти битирувчиларига ўзининг кўп йиллик тажрибаси билан ўртоқлашган  ҳолда келгусидаги фаолиятларида зарур бўладиган тавсиялари ва насиҳатларини бериб ўтди.

Йиғилиш якунида билим юрти мудири М.Алимов ўтказилган ушбу тақсимотдан талабалар томонидан ҳеч қандай эътироз бўлмаганини ҳамда битирувчилар ушбу билим юртида олган билимларидан фойдаланган ҳолда келажакда тақсимот қилинган иш жойларига бориб, Ватанимизга, халқимизга чин қалбдан хизмат қилишларини билдириб ўтди.  


“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда аҳолини, хусусан, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи энг муҳим вазифалардан бири сифатида эътиборда бўлиб келмоқда.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашнинг ҳам ҳуқуқий-меъёрий асослари яратилди.

 Жумладан, истиқлол йилларида қабул қилинган Меҳнат кодекси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ёшларнинг, айниқса, таълим муассасаси битирувчиларининг ишли бўлишига мустаҳкам замин ҳозирлади.

Битирувчиларни ишга жойлаштириш чора-тадбирлари эса улар ўқишни тугатишидан анча аввал кўрилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

1 апрель куни Наманган вилоятидаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти битирувчиларининг тақсимот тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси Умид Хўжаев ва Масжидлар бўлими мутахассиси Музаффар Жабборов, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Содиқжон Мадмусаев ҳамда билим юртининг махсус фан ўқитувчилари иштирок этдилар.

Тақсимот жараёнида ҳар бир битирувчи талаба билан индивидуал суҳбат ўтказилиб, уларни яшаш жойларига яқин бўлган масжидларга тақсимот қилинди.

Тадбир якунида битирувчи талабалар кўрсатаётган ғамхўрликлар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига самимий миннатдорчилик изҳор этиб, билдирилган ишончни оқлаш учун келажакда астойдил хизмат қилишларини таъкидладилар.   

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

 

7632 марта ўқилди

Янгиликлар

Top