Дини мубинимизда, ўзини ўзи ўлдириш қаттиқ қораланиб, ҳар бир тирик жон саломатлиги кафолатланган. Жумладан, бир одамни ноҳақ қатл этишдан, ўз жонига қасд қилишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Бир-бирларингизни (яъни, мўмин мўминни) ўлдирманг! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган Зотдир” (Нисо, 29).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳаром ишларни содир этиш орқали мўминларни бир-бирларини ўлдиришдан, молларини ботил йўл билан ейишдан қайтарди. Аллоҳ буюрган ва қайтарган ишларда одамлар учун раҳмат бордир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон Зотдир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у заҳарини қўлида тутган ҳолида, жаҳаннам оташинда абадул абад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир (тиғ) билан ўлдирган бўлса, у темирни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташинда абадул абад ўша темирни қорнига санчиб туради», дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадиси шарифдан нафақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди.
Ўтган яқин йиллар мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан бир қатор долзарб мавзудаги адабиётлар нашр этилиб, нафақат юртимизда балки айрим хорижий мамлакатларда ҳам китобхонларнинг олқишига сазовор бўлди. “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ишид фитнаси” “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари” “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя”, “Сўраган эдингиз” китоблари шулар жумласидандир.
Шулар қаторида 2016 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ҳазратлари «Ўз жонига қасд қилиш – улкан гуноҳ» китобини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган ушбу китобга кўп сонли ўқувчилар томонидан қизиқиш билдирилди. Асарда инсон ўзини ўзи ўлдириши Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш экани далиллар асосида очиб берилган. Аллоҳ таолонинг ҳузурида осийлик ва иродасизлик, қўрқоқлик ва номардлик каби иллатлар замирида улкан гуноҳ содир этилиши мумкинлиги мисоллар билан баён этилган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари, бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо олишига ҳам тўхталиб ўтилган.
Китобда муаллиф инсон ихтиёри ўзида бўлгани билан хоҳлаган ишини қила олмаслиги, Аллоҳ буюрганидек ҳаёт кечириши, уни Аллоҳ яратган, унинг жони ҳам Яратганнинг измида экани, банда хоҳлаган пайтида ўзини ўлдириши мумкин эмаслиги, агар бандага истаган вақтида ўзини ўлдиришга рухсат берилса, у ҳолда инсон ҳаёти арзимас нарсага айланиб қолиши ҳақидаги мавзуларга урғу берган. Шунингдек, бундай нохушлик оқибатида тириклик низоми бузилиши, башарият ҳаёти издан чиқиши ҳақида ҳам таъкидлаб ўтилган. Мазкур китоб мусулмон инсон бошидан ҳар қанча қийинчилик ўтса ҳам, худди бировни ўлдириши мумкин бўлмаганидек, ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмаслиги, доимо сабрда ва шукрда, Аллоҳнинг тоат ибодатида бўлишга чақиради. Зеро сабрда улкан ажрлар бордир. Қолаверса, бу дунё банда учун имтиҳон майдонидир.
Юртбошимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги қарорида оммани, айниқса ёшларни китоб ўқишга кенг жалб этиш ҳам мақсаб қилинган. Шундай экан, «Ўз жонига қасд қилиш – улкан гуноҳ» экани ҳақида адабиётларни тарғиб қилиш ҳар бир имом-хатиб ва соҳа ходимларидан улкан масъулият талаб этади.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
“Мовароуннаҳр” нашриёти ходими