Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат иштирок этган жума намозига минглаб намозхонлар ташриф буюрди

Аввал хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жума намозини Андижон вилояти Асака туманида жойлашган “Холид ибн Валид” жоме масжидида минглаб намозхонлар билан бирга-бирга адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума мавъзисида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани, шароитлар ҳозирланаётгани ҳақида гапириб, диний-маърифий соҳада қилинаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Файзли мавъизада Ҳазрати Алишер Навоийнинг “Сирожул муслимин” асарида баён қилинган ҳақиқий мўминнинг сифатларига алоҳида тўхталиб, инсон қачонки ўз манфаатидан ўзгаларнинг манфаатини устун қўйса, ана шундагина комил мўмин бўлиши ҳақидаги битикларни изоҳладилар.
Шунингдек, “Одамларнинг энг яхшиси, одамларга фойдаси тегадиганидир”, деган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларининг мазмун-моҳиятини мўмин-мусулмонларга шарҳлаб бердилар.
Хусусан, бу дунёда солиҳ амалларни кўп бажариш, йўлларни обод этиш, кўприклар қуриш ва кишиларга фойдаси етадиган ишлар қилишнинг ажру савоби улуғ эканини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари мавъиза якунида, намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, янги-янги ижроотлар, хушхабарлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, мазмунидаги ҳадиси шарифларини изоҳлаб бердилар.
“Холид ибн Валид” жоме масжидига жамланган намозхонлар муфтий ҳазратларидан дилни қувонтирадиган янгиликлар ва имону ихлосни бойитадиган сўзларни тинглаб, ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1491 марта ўқилди

Янгиликлар

Top