Ўзбекистон янгиликлари

Покистон президенти: Имом Бухорий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд мероси икки давлат халқи маънавиятининг ажралмас қисми

Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов 7 июнь куни Покистон Ислом Республикаси Президенти Ориф Алвига ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тантанали маросим Президентнинг «Айвони Садр» саройида бўлиб ўтди.

Маросимдан сўнгги суҳбат чоғида Покистон раҳбари Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш ўз мамлакати учун устувор йўналиш эканини таъкидлади.

Покистон Президенти Президент Шавкат Мирзиёевга ўзининг самимий ва дўстона саломини йўллади ҳамда Исломобод Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган минтақалараро ўзаро боғлиқликнинг янги стратегиясини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Ориф Алви халқларимиз ўртасидаги яқин маданий-тарихий алоқаларни қайд этар экан, покистонликлар Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларнинг меросини икки мамлакат мусулмон уммати маънавий маданиятининг ажралмас қисми, деб ҳисоблашини билдирди.

Самарқанд ва Бухоро, Пешовар, Лаҳор ва Мўлтон шаҳарлари зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган бой тасаввуф анъаналари ва маданиятларини ўзида мужассам этиши алоҳида қайд этилди. Эпидемиология вазияти барқарорлашиб, авиақатновлар қайта тикланиши билан икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ва сайёҳлар оқими кўпайишига ишонч билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ойбек Усмонов ўтган йил декабрь ойида Олий Мажлис Сенатининг 10-ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси этиб тайинланган эди. У 58 ёшда. Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 1997 йилдан буён ишлаб келмоқда. Турли йилларда Ўзбекистоннинг Карачидаги (Покистон) Бош консулхонасига раҳбарлик қилган, мамлакатимизнинг Исроилдаги элчиси ва Фаластиндаги вакили, Покистон ва Мисрда элчиси ҳамда ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ловозимларида ишлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1354 марта ўқилди

Янгиликлар

Top