Ўзбекистон янгиликлари

Уламолар суҳбатидан кўнгиллар шод бўлмоқда

Маълумки, айни кунларда муфтий ҳазрат бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар вилоятмизда бўлиб туришибди. Фарғона аҳли уламолар билан юз кўришиб, улар суҳбатидан баҳра олмоқдалар.

Бугун, 13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қўқон шаҳрида янгитдан чирой очган “Ҳазрати Аббос” жоме масжидига ташриф буюриб, масжид жамоаси билан суҳбат қилдилар.
Муфтий ҳазрат нутқларида диний-маърифий соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бугунги кунда масжидларда олиб борилаётган қайта қуриш ва ободончилик ишлари таҳсинга сазовор экани, хусусан мазкур масжид биноси, таҳоратхоналарини қуришда ҳам замон, ҳам шаръий одобларнинг дақиқ жиҳатлари эътиборга олинган ҳолда бунёд этилганини эътироф этилди.

Албатта, мўмин-мусулмонлар бу неъматларга шукр қилишлари, ҳали олдинда кўплаб хайрли ишлар ташаббуси бўлаётгани таъкидланиб, масжид аҳли ҳамда Аллоҳнинг байтини обод этишда ўз ҳиссасини қўшганлар ҳаққига дуо қилинди.

Худди шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шариповлар вилоятнинг Фурқат туманига ташриф қилиб, тумандаги “Ал-мадинатул мунаввара” ҳамда “Чилигижийда” масжиди жамоаси билан мулоқот ўтказган бўлсалар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият бўлими мудири Муҳаммад Аюб домла Хомидов ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Мухтор Алий домла маърузаларидан бағдодлик ва бешариқлик мўмин-мусулмонлар баҳра олдилар.

Ташриф давом этмоқда.

1509 марта ўқилди

Янгиликлар

Top