Ўзбекистон янгиликлари

Буюк Британиядаги ватандошлар ташаббуси билан Бухорода минглаб дарахтлар экилади

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров ва ЕТТБ вице-директори Камола Махмудова бошчилигида бир гуруҳ ватандошлар ўртасида музокаралар ташкил этилди. Буюк Британияда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ташаббуси билан «Бухоро - яшил шаҳар» хайрия лойиҳаси амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда Ўзбекистон ландшафт санъати уюшмаси раҳбарияти ва лойиҳани амалга оширишда ёрдам бераётган бухоролик кўнгиллилар ҳам иштирок этди.

«Бухоро - яшил шаҳар» лойиҳаси шаҳарни кўкаламзорлаштириш, ҳаво таркиби ва микроиқлимни яхшилаш мақсадида шаҳар маъмурияти ва жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида бир неча минг туп дарахт ва бўталар экишни назарда тутади.

Лойиҳа ташаббускори ва раҳбари Камола Маҳмудова ҳамда лойиҳа асосчиларидан бири, Кембриж университети доктори Темур Юнусовнинг маълум қилишича, лойиҳа доирасида дарахтларнинг ҳолатини кузатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида «яшил» ривожланиш ғоясини тарғиб этишда фаол иштирок этадиган кўнгиллиларни тайёрлаш бўйича медиа ҳафталик ташкил этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида экилган дарахтларнинг электрон интерактив харитаси яратилади. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун МДҲ бўйлаб ноёб лойиҳа бўлади.

«Бухоро - яшил шаҳар» ташаббусини амалга ошириш учун 100 минг евро маблағ йўналтирилади. Ушбу маблағлар тадбиркорлар ва ватандошлар томонидан тўпланди ва ЕТТБнинг барқарор ўсиш хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини яхшилаш бўйича махсус жамғармаси томонидан тақдим этилди.

Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров ватандошлар, Ўзбекистон ландшафт санъати уюшмаси ва кўнгиллиларга шаҳарни кўкаламзорлаштириш мақсадида қилинаётган саъй-ҳаракатлари учун ўз миннатдорлигини билдириб, лойиҳани амалга оширишда, жумладан, суғориш ва экинларни тўғри парвариш қилиш бўйича барча имкониятлар яратиб берилишини билдирди. Барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва юзага келаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида томонлар доимий мулоқотни давом эттириш бўйича келишиб олди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1519 марта ўқилди

Янгиликлар

Top