Ўзбекистон янгиликлари

Юртбошимиз Самарқандга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифини Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Зиёрат чоғида Қуръон тиловат қилиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари марҳум Биринчи Президентимизнинг охиратлари обод бўлишини сўраб дуо қилдилар. Кейин Давлатимиз раҳбари  Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуасида бораётган ишлар билан танишиб, лойиҳани янада такомиллаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берди.

Сўнгра Президентимиз диний уламолар билан биргаликда Имом Бухорий ҳазратларининг қабрларини зиёрат қилиб, Имом ал-Бухорий номидаги халқаро тадқиқот маркази лойиҳаси билан яқиндан танишди.

Учрашув чоғида Юртбошимиз буюк бобокалонимиз қолдириб кетган бой илмий-маънавий меросни пухта ўрганиш, уни авлодларга мукаммал тарзда етказиш мақсадида ташкил этилаётган тадқиқот маркази Ватанимиз уламолари зиммасига юксак масъулият юклаши, улуғ аждодимизнинг муносиб ворисларини тарбиялашда тинимсиз меҳнат қилишлари, мазкур жараёнга янгича, замонавий услубда ёндашиш талаб этилишини айтиб ўтдилар.

Музей, кутубхона, илмий мажмуани ўз ичига олувчи Марказ юртимизда динимиз софлигини сақлаш, халқимиз маънавиятини юксалтириш, бой тарихимизни дунёга янада кўпроқ танитишга хизмат қиладиган муқаддас маскан бўлиб қолиши таъкидланди.

– Муҳаддислар пешвоси бўлган буюк мутафаккир бобомиз Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу масканда ўзига хос маънавий-руҳий муҳит мавжуд, –деди давлатимиз раҳбари. – Мажмуага зиёратга келган одам бу марказга ҳам кириб, маънавий озиқ олсин, боболаримиз ҳикматларидан ўрганиб кетсин. Шунда уларнинг калбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш туйғуси ривож топади, айни пайтда шундай буюк зотларнинг авлоди масъулиятини ҳис этади. 

Янги марказда буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий; улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий; калом илмининг буюк мутафаккирлари Абу Мансур Ал-Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодларимизнинг бебаҳо меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва илмнинг ушбу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш кўзда тутилаётгани айтилди. 

Шавкат Мирзиёев олимлар ва уламолар билан суҳбатда ушбу марказда тадқиқотчиларга Қуръони карим оятларини қироат билан ўқиш, тўғри талаффуз этиш, араб имлосида ёзиш – каллиграфия бўйича мамлакатимиз етакчи олимлари дарсларини йўлга қўйиш, хорижлик тадқиқотчилар учун малака оширишни таъсис этиш ҳақида сўзлади. 

Президентимиз Бухородаги Мир Араб мадрасасининг ҳам қадимги мавқеини тиклаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Мадраса биносини таъмирлаш ва замонавий технологиялар билан жиҳозлаш бўйича топшириқлар берди.  Шунингдек, юртбошимиз пойтахтдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида Ислом тараққиёт марказини ташкил этиш кўзда тутилаётганини ҳам айтиб ўтди.

Имом Бухорий мажмуаси атрофидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини реконструкция қилиш зиёратчилар учун қўшимча қулайлик яратиб, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди. 

Президентимиз Махдуми Аъзам зиёратгоҳидан Имом Бухорий мажмуасигача бўлган йўл бўйида икки қаватли замонавий уйлар ва ижтимоий объектлар қуриш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди. 

Имом ал-Бухорий номидаги халқаро тадқиқот маркази юртимизда ислом дини ривожи йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг гултожи бўлмоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги

 

 

 

 

5966 марта ўқилди

Янгиликлар

Top