Ўзбекистон янгиликлари

Энг гўзал қисса энг гўзал тарзда етказилди

Аввал хабар берганимиздек, бугун муфтий ҳазрат бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар Тошкент вилоятига ташриф буюриб, жоме масжидларда жума мавъизаларини ўқиб беришди.

Бугунги жума маърузаси “Юсуф алайҳиссалом қиссасидан ибратлар” бўлиб, бу мавзуни уламолар: Ҳомиджон қори Ишматбеков Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ”, Салоҳиддин домла Шарипов “Облик”, Нуриддин домла Холиқназаров Бўка туманидаги “Ўрта Қўрғон”, Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янгийўл туманидаги “Гулбоғ”, Жалолиддин домла Ҳамроқулов Оққўрғон туманидаги “Нодирхон қори”, Аброр Мухтор Алий домла Олмалиқ шаҳридаги “Рамазони шариф” жоме масжидларида мўмин-мусулмонларга таъсирчан тарзда етказишди.

Масжидга йиғилган юртдошларимиз маърузаларни сел бўлиб тинглашди.

Аллоҳ таоло Юсуф сурасининг 4-оятида: «Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз. Сиз эса, (эй Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз», деб марҳамат қилади.

Дарҳақиқат, таниқли уламолар, дин пешволарининг маърузаларини эшитиш кишига ўзгача завқ бағишлайди. Шу боис кўплаб кишилар уларнинг масжидларига ошиқадилар, маърузаларидан баҳраманд бўлишга интиладилар. Бугун эса уламоларимиз аҳоли орасида, уларнинг ўзлари халқ билан учрашиб турибди. Бу катта имкониятдир.
Воизларнинг бугунги жума мавъизасидан мўмин-мусулмонлар сир сақлаш; ҳасаддан тийилиш; тўғри йўлдан адаштирувчи амаллардан четланиш; ҳақ йўлда сабр ва сабот кўрсатиш; ўзини туҳматдан поклаш каби динимиз таълимотларини таъсирчан мисоллар орқали билиб олишди.

 

Тошкент вилоят вакиллиги матбуот хизмати

1134 марта ўқилди

Янгиликлар

Top