Ўзбекистон янгиликлари

Орамиздаги яхшиларимиз танлови бошланмоқда

Аллоҳ таолонинг марҳаматининг кенглигини қарангки, биз бандаларига Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар, Қуръони каримни дунё ҳаётига дастур, қиёматда эса шафоатчи қилиб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқинглар! Зеро, Қуръон қиёмат куни шафоат қилади” (Имом Муслим ривояти), деб бизга уни ўқишнинг фойдаси қанчалик кўплигининг хабарини бердилар.

Яна бир ҳадиси шарифда эса: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганингиздир” (Имом Бухорий ривояти), дея яхшиларимизнинг ким эканини ҳам англатдилар.

Қуръони карим Аллоҳнинг каломи бўлгани туфайли Саодат асридан  бошлабоқ уни фасоҳат билан ўқишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Аллоҳ таоло барчамизни зеҳн, хотира, ғайрат-шижоатдан бенасиб этмаган бўлса-да, Қуръони каримни ёдлаб олишдек бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Алалхусус, уни фасоҳат билан ўқиш эса ҳофизул Қуръонларга насиб этадиган бебаҳо неъматдир.

Буни қарангки, Қуръони каримни ёдга олгандан сўнг ҳофизлик масаласи ҳам ўртага чиқиб, қоридан Аллоҳ таоло ато этган ширали ва баланд овоз, кучли нафас,  нафасни узоқ вақт тутиб тура олиш ва яна кўплаб фазилатларни талаб қилар экан.

Айни кунларда Кувайтда  12 апрель куни бошланган VIII Халқаро  Қуръони карим мусобақаси давом этаётганидан хабардормиз. 

Дунёнинг 80 давлатидан 124 нафар вакиллар тўртта ниҳоятда жиддий йўналишлар бўйича беллашаётган мусобақада юртимизнинг икки нафар вакили – Тошкент ислом институти талабаси Аъло Нуриддинов ва “Саййид Муҳйиддин махдум” Ислом билим юрти талабаси Аҳмадулло Абдуҳалимов ҳам иштирок этмоқда.  

26 апрель куни эса пойтахтимиздаги “Хожа Аламбардор” масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказиладиган “XXVII Қорилар мусобақаси” кўрик-танловининг Республика босқичида бошланади.

Унда ёш қори ва қорияларимиз мураттаблик, мужаввидлик йўналиши бўйича Мадина мусҳафига мувофиқ тажвид қоидаларига риоя қилиб ўқиш юзасидан баҳслашадилар.

Ушбу мусобақа юртимиздан кўплаб мураттаб қорилар етишиб чиқишига, ёш қориларимиз ва қорияларимизнинг ўзларидаги истеъдодини намоён этишига, уларнинг бошқа юртларга ҳам бориб қорилар мусобақаларида иштирок этиб қайтишига, улардаги ҳофизлик санъатининг кўпчилик эътирофига сазовор бўлишига, юртимиз шарафининг юксалишига ҳисса бўлиб қўшилади. Мана бугун Қувайтдаги Халқаро мусобақа қатнашчилари бўлиб турган Аълохон ва Аҳмадуллохонлар ҳам ана шундай мусобақаларда тобланиб, обдон пишигандан сўнг устозларнинг, элнинг дуосини олиб йўлга чиққанлар.

Муҳтарам  ҳожиларимиздан бири гапириб берган эканлар. У киши бундан бир неча йил ҳаж амалларини бажариб келган экан. Маккаи Мукаррамада, Мадинаи Мунавварада қориларнинг гўзал тиловатларини тинглаб қалблари юмшаб юм-юм йиғлабди. Кейин дўконга кириб таржимон ёрдамидами, бир чорасини қилибми, хуллас, энг зўр қорининг кассетасини беришини сўрабди. Дўкончи бир кассетани қўлига олиб жуда кўп вақт тўлқинланиб гапирибди. Ҳожи ака унинг гапларини тушунмаса-да, берилиб мақтаётганини тушунибди. Хонасига келиб завқи ичига сиғмай ҳамхонасига кассетани кўрсатган экан, ҳамхонаси арабча ёзувни тутила-тутила “Ўзбекистон, Раҳматулло қори Обидов” деб ўқибди-да, Эй ўзимизнинг Раҳматулло қорими? Деб ҳайрон бўлиб қолибди...

Ана, юртимизнинг шонини, миллатимизнинг шарафини қаранг! Ҳазрати Усмон Мусҳафи сақланаётган муборак маконда бундан ўзгача бўлиши мумкинми!..

Ёш қориларимизнинг ҳам катта ютуқларга эришиб, кўрик-танловда яхши ўринларни олишини ва келажакда дунёнинг энг машҳур қориларидан бўлишини тилаб қоламиз.   

Дамин ЖУМАҚУЛ. журналист

Қорилар мусобақаси иштирокчиларининг билим даражаларини

Б А Ҳ О Л А Ш   М Е З О Н И

  1. Мусобақа иштирокчиларининг билим даражалари 100 баллик тизим асосида баҳоланади.
  2. Мураттаблик йўналиши бўйича баллар қуйидагича тақсимланади:

       а- Ҳифз учун- 40 балл;

       б- Тажвид учун - 40 балл;

       в- Тараннум учун - 10 балл;

       г- Савт учун- 10 балл.

  1. Мужаввидлик йўналиши бўйича баллар қуйидагича тақсимланади:

       а- Тажвидга риоя қилиши- 30 балл;

       б- Тажвид қоидаларини билиши учун- 20 балл;

       в- Ёддан ўқигани учун - 20 балл;

       г- Тараннум учун - 15 балл;

       д- Савт учун- 15 балл.

  1. Берилган саволларга Мадина мусҳафига мувофиқ тажвид қоидаларига риоя қилиб ўқиш шарт.
  2. Иштирокчилар қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида баҳоланадилар:

5.1. Иштирокчи ҳифзда адашса ёки қўпол хато (яъни, лаҳни жалий) қилса, масалан ҳарфни ёки ҳаракатни алмаштириб қўйса, қуйидагича баҳоланади:

5.1.1. Агар иштирокчи ҳифзда хатога йўл қўйса, унга танбеҳ берилади ва ҳифзи учун ажратилган мураттаб йўналишидаги 40 балл ва мужаввид йўналишидаги 20 баллдан 0.5 балл олиб ташланади. Агар тўғрилай олмаса иккинчи бор танбеҳ берилади ва яна 0.5 балл олиб ташланади. Яна тўғрилай олмаса унга луқма (айтиб) берилади ва 1 балл олиб ташланади. Шунда жами бўлиб 2 балл олиб ташланади.

5.1.2. Агар иштирокчига ҳеч қандай танбеҳсиз луқма берилса, масалан қироатда тўхтаб қолди, ундан 2 балл олиб ташланади. Демак, ҳар бир луқма бериш, хоҳ у икки  танбеҳ билан, хоҳ бир танбеҳ билан, хоҳ умуман танбеҳсиз бўлсин, ундан 2 балл олиб ташланади.

5.1.3. Агар иштирокчига “фалон сурани ўқи” дейилса, у сурани бошлашни билиши лозим. Агар билмаса унга луқма берилади ва ҳифздаги каби 2 балл олиб ташланади.

5.1.4. Гарчи иштирокчи саволнинг дастлабки онларида бир калима ўқимасдан хатога йўл қўйса ҳам унга юқоридаги бандлардаги шартлар қўлланилади.

5.1.5. Агар иштирокчи танбеҳдан олдин хатосини тўғриласа, ёки танбеҳ билан бир пайтда хатосини тўғриласа ундан балл олинмайди.

5.2. Иштирокчи тажвид билан ўқишда хатога йўл қўйса, қуйидагича баҳоланади:

5.2.1. Тажвидда ҳар бир хато учун мураттаб йўналишдаги тажвид учун ажратилган 40 балл ва мужаввид йўналишидаги 30 баллдан 0.5 балл олиб ташланади. Айнан бир хатонинг ўзи неча бор такрорланса шунча марта 0.5 баллдан олиб ташланади.

5.2.2. Агар иштирокчи ҳифзда хатога йўл қўйса ва унга танбеҳ берилса, тўғрилаш учун ортга қайтиб ўқийдиган бўлса қайтиш жараёнида ҳам тажвидга риоя қилиши талаб этилади. Акс ҳолда ундан тажвидга олинадиган балл олиб ташланади.

5.2.3. Агар иштирокчи тажвидда хато қилса ва танбеҳдан олдин дарҳол ўзи тўғриласа ундан балл олинмайди. Бифроқ бу хато мусобақа ниҳоясида унинг зарарига ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.

5.3. Агар иштирокчи сура аввалида “басмала” ўқишни тарк қилса, унга танбеҳ берилади лекин ҳеч қандай балл олиб ташланмайди.

  1. Ҳар бир ҳакам ўзининг йўналиши бўйича иштирокчига балларни рақам ва ёзув билан белгилаб боради.
  2. Ҳайъат раиси бошчилигида камида учта ҳакам иштирокчининг заифлигига келишса, саволнинг миқдорини камайтиришлари мумкин, барчасига жавоб кутишлари шарт эмас.
  3. Ҳайъат аъзолари натижа эълон қилингунига қадар иштирокчилар тўплаган балларни сир сақлашлари лозим.

 

5334 марта ўқилди

Янгиликлар

Top