Ўзбекистон янгиликлари

Маърифатли аёллар соғлом келажак асоси

Маълумки, жамиятнинг барқарор бўлиши, ёшларнинг миллий-диний қадриятларга содиқ ҳолда тарбия топиши, оилаларда соғлом муҳитни шаклланишида аёлларнинг ўрни беқиёс.

Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг илм олиши, касб-ҳунарли бўлишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Аёлларга ғамхўрлик қилиш, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Ушбу жараён ўз навбатида барча соҳада бўлгани каби Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ҳам тизимда фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг малака ва кўникмаларини ошириб боришга алоҳида эҳтимом билан ёндашишни талаб этади.

Шунга мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси,  Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети, “Маҳалла” жамоат фонди, “Оила” илмий-амалий маркази томонидан отинойиларнинг диний экстремизм ва миссионерликка қарши кураш кўникмаларини кучайтиришга қаратилган ҳудудий ўқув-семинар машғулотлари ташкил этиш бўйича қўшма қарор қабул қилинган бўлиб, қарорга асосан вилоятлар бўйлаб ҳудудий семинар машғулотларини ўтказиш йўлга қўйилди.

25 апрел куни қарор иловаларига асосан мазкур семинарнинг Самарқанд вилояти босқичи бўлиб ўтди. Машғулот Самарқанд шаҳар “Ёшлар маркази”нинг анжуманлар залида ўтказилди. Тадбирда вилоятда фаолият кўрсатаётган 300га яқин отинойилар иштирок этдилар.

Маърузаларни вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси М.Абубакирова, Вилоят ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Н.Гафурова, “Оила” илмий-амалий маркази мутахассиси М.Ҳамидова  олиб борди.

Семинар давомида аёлларнинг диний ва миллий қадриятлар, маросимлар, урф-одатлар ҳақидаги билимларини янада оширишга доир қатор тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтилди.

Диний экстремистик оқимлар, ҳамда тубан “оммавий маданият”нинг вояга етмаганлар ва ёшлар онгига салбий таъсирининг олдини олиш, 12 йиллик таълимнинг мажбурийлиги мазмун моҳияти бўйича қатор аҳамиятли маълумотлар тақдим этилди.

Ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш, миссионерликнинг кўринишлари, фуқароларнинг доимий яшаш манзилларидан узоқ муддатга чиқиб кетиши каби салбий иллатларнинг олдини олиш, ёшларни турли бузғунчи ва ёт ғоялар, мафкуравий хуружлардан асраш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жамиятда ва оилада аёлнинг ўрни ва масъулияти, қайнона-келин муносабатлари тўғрисида ўзаро фикр алмашилди, мунозаралар олиб борилди. Жойлардаги фаолият давомида юқоридаги салбий ҳолатларни олдини олиш бўйича отинойилар зиммасига тушадиган вазифа ва масъулиятлар кўрсатиб ўтилди.

Шуни таъкидлаш лозимки, жамият орасида турли бидъат-хурофотларга қарши курашиш, салбий иллатларнинг урчишини олдини олиш ишларида маърифатли отинойиларнинг ҳиссаси беқиёс ҳисобланади. Шунинг учун отинойилар билан доимий ишлаш, уларнинг билим ва савиясини ошириб бориш бугунги давр тақозо этган муҳим вазифалардан биридир.    

Н.Темирова

Ўзбекистон мусулмонлари  идораси

Самарқанд вилояти вакилининг хотин-қизлар

 масалалари бўйича маслаҳатчиси

5989 марта ўқилди

Янгиликлар

Top