Ўзбекистон янгиликлари

Жаннатда Расулуллоҳ билан бирга бўлишни хоҳлайсизми? Унда, марҳамат, етимпарвар бўлинг!

Етимларнинг бошини силаш, уларга меҳр кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш динимиз тарғиб этган амаллардан. Тақдир тақозосига кўра, ота-онасидан айрилган мурғак қалб эгаларига мурувват кўрсатишнинг, уларнинг ҳолидан хабар олишнинг савоби кўп, ажри бисёр.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги жамоаси Бўка туманидаги имом-хатиблар, ҳомийлар билан биргаликда тумандаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олдик.

Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида кўнгли ўксик болажонларнинг қалбига қувонч улашишнинг рамзий маъноси бор, албатта. Чунки ҳар бир хонадонда болажонлар байрамлар, турли тантаналар муносабати билан қандай қувонишса, боқувчисини йўқотган нуридийдалар ҳам шундай шодланишлари керак.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 28 июль куни Тошкент шаҳридаги 21-Меҳрибонлик уйига ташриф буюрганларида барча Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъуллигига ўтказиш таклифини билдирдилар. Бу эса юртимизда боқувчисини йўқотган барча болаларга давлат оталарча ғамхўрлик қилаётганининг амалдаги инъикосидир.

Ислом таълимотига кўра, жамиятнинг ҳар бир аъзосига, у ким бўлишидан қатъи назар, алоҳида эътибор билан муносабатда бўлинади. Хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, хоҳ ота-она қарамоғида, хоҳ оила бошлиғи қарамоғидан маҳрум бўлган бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир.

Етимнинг бошини силаш, унга меҳрибонлик қилиш қалбдаги қаттиқликни кетказади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Агар қалбинг юмшашини хоҳласанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила!” дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Бир киши Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан “Қалбим қандай юмшайди?” деб сўради. У киши “Қабристонга кир ва етимнинг бошини сила!” деди.

Дарҳақиқат, ота-онаси йўқ болаларинг кўзларидаги мунгни кўрган ҳар қандай бағритош инсоннинг ҳам кўнгли юмшайди, беихтиёр кўзларига ёш қуйилади. Мурғаккина қалб эгасиа қўлдан келганича яхшилик қилиб. совғалар улашишга интилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам етимни кафилликка олган кишига жаннатда ўзлари билан бирга бўлишини башорат бериб бундай дедилар: “Мен билан етимни кафилликка олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён бўламиз” (Муттафақун алайҳ).

Набий алайҳиссалом шу гапни айтганларида кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилдилар-да, уларнинг орасини бироз очдилар.

Ибн Баттол айтади: “Ушбу ҳадисни эшитган кишининг зиммасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жаннатда бирга бўлиш учун унга амал қилиш вазифаси бордир. Зеро, жаннатда бундан афзал мартаба йўқдир”.

Етимга табассумини, насиҳатини, гўзал тарбия беришни, юмшоқ сўзни аямаслиги, унга меҳрибон ота бўлиши керак. Қатода раҳимаҳуллоҳ “Етимга раҳмли ота бўлинг!” деганлар.

Бугун ўз фарзандлари билан бирга яқинларидан эрта жудо бўлган етимларни ҳам боқаётган, парвариш қилаётган оила бошлиқлари айрим машаққатлар, қийинчиликларга дуч келса, асло нолимаслги керак. Чунки уларнинг уйлари энг яхши уй эканини Набий алайҳиссалом башорат берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонларнинг энг яхши уйи унда етим яхшилик кўрадиган уйдир. Мусулмонларнинг энг ёмон уйи унда етимга ёмонлик қилинадиган уйдир” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳга шукр, юртимизда етимларнинг бошини силайдиган меҳрибонлик уйлари ҳолидан хабар олиб турадиган саховатли инсонлар бор. Аммо бу имкониятлар қанчалик яхши бўлмасин, барибир уларнинг кемтик қалбларини “оила” деган улуғ даргоҳдан ўзга нарса тўлдира олмаслиги аниқ. Лекин, шундай бўлса-да. Ҳар доим биз ота-онасидан маҳрум бўлган болалар билан бирга бўлишимиз керак.

Ота-боболаримиз етимларнинг яшаш тарзлари қандай бўлишидан қатъи назар, бу масалага жиддий ёндашишган ва уларга ўз уйларидан, нафақат уйлари, балки қалбларидан жой беришган. Чунки улар ким етимга жой берса, унинг бошини силаса ва унга ғамхўрлик қилса, жаннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишларини яхши билишган.

Аллоҳ таоло кўнгли ўксик боладонларнинг ҳолидан хабар оладиган. Уларга ҳадялар улашадиган азизлармизнинг мартабаларини улуғ қилсин.

 

 

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент виляти бош имом-хатиби

1107 марта ўқилди

Янгиликлар

Top