Ўзбекистон янгиликлари

Юртимиз сайёҳлик салоҳияти ҳақида Франция медиа компанияси ҳужжатли фильм қилди

Франциянинг «France 5» телеканалининг оммабоп «Des trains pas somme les autres» («Trains like no others») кўрсатувининг навбатдаги сони Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА .

Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги мамлакатимизнинг Париждаги элчихонаси кўмагида Франциянинг теле репортажлар ва ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқарувчилари - «STEP by STEP Produstions» ва «B-World Communisation» продюсерлик компанияси билан «France 5» телеканалининг «Des trains pas somme les autres» кўрсатувининг битта сонини Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишлаш, мамлакатимиз ҳақида ҳужжатли фильм яратиш ва сўнгра «Trains like no others: Uzbekistan» номи остида намойиш этиш юзасидан келишувга эришган эди.

Унга биноан, жорий йилнинг 23 апрелидан 8 май санасига қадар «STEP by STEP Productions» вакиллари мамлакатимиз бўйлаб ижодий сафарда бўлди.

Сафар давомида франциялик телеижодкорлар Тошкент, Марғилон, Нукус, Бухоро Самарқанд шаҳарларида ҳамда Мўйноқ, Бўстонлиқ туманлари ҳудудларида тасвирга олиш ишларини амалга оширди.

Фильмда таниқли телебошловчи Филипп Гооглен Ўзбекистон темир йўллари бўйлаб саёҳат қилган. Томошабинларга мамлакатимизнинг маданияти ва тарихи, қадимий обидалари ҳақида ҳикоя қилади. Маҳаллий аҳолининг яшаш тарзи, менталитети, анъаналари ва урф-одатлари билан таништиради. Ушбу муваффақиятли лойиҳа Европа мамлакатларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада танитишга ҳамда Европадан келаётган сайёҳлар оқимининг янада кўпайишига хизмат қилади.

Яқинда Франциянинг «France 5» телеканалида эфирга узатилган 52 дақиқалик фильм томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бир вақтнинг ўзида ушбу лойиҳани 1,5 миллиондан ортиқ томошабин кузатди. Фильм 4 йил ичида қайта эфирга узатилади. Натижада томошабинлар қамрови 3-4 миллионга ортиши кутилмоқда.
Буни фильмда бош қаҳрамон ролини ижро этган бошловчи - Филипп Гоогленнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзиб қолдирган фикрларидан ҳам билиб олиш мумкин.

«Кеча кечқурун «France 5» телеканалида намойиш этилган фильм орқали сизлар мен билан бирга Ўзбекистон бўйлаб поездда саёҳат қилдингиз. Телетомошабинлар 1 миллиондан ошди. Ўзбекистондан кейин сизларни Англия бўйлаб саёҳат кутмоқда. Бу саёҳатларнинг барчасини сиз билан ўртоқлашиш мен учун катта бахтдир. Раҳмат. Раҳмат ва яна бир маротаба катта раҳмат. Кейинги пайшанба куни кўришгунча»,- деб ёзади Филипп Гооглен.

Туризм ва спорт вазирлигига кўра, ушбу фильмни тасвирга олишдан олдин вазирлик масъуллари ва картина продюсери билан лойиҳани кейинчалик дунёнинг бошқа телеканалларида ҳам намойиш этиш бўйича келишувга эришилган.

«Франциянинг машҳур телеканалида Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этиш орқали ушбу мамлакат жамоатчилиги орасида ўзбек халқининг маданий-тарихий мероси ва анъаналарини, хусусан, туризм салоҳиятини кенг тарғиб этилишини инобатга олган ҳолда бундай таклифларни доимий равишда қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», - деди Туризм ва спорт вазирлиги мутахассиси Ш.Султонов.

Маълумот учун: «Des train pas comme les autres» кўрсатуви 1987 йилдан буён эфирга узатилади. Кўрсатув Франциядаги энг машҳур дастурлардан бири ҳисобланади. Телевизион лойиҳа маданий ва сайёҳлик хусусиятига эга бўлиб, томошабинларни турли шаҳарлар ва мамлакатлар, уларнинг табиий ва маданий хусусиятлари, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан таништиради.

«STEP by STEP Produstions» эса 2007 йилда ташкил этилган телевизион репортажлар ва ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган продюсерлик компаниясидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1022 марта ўқилди

Янгиликлар

Top