Ўзбекистон янгиликлари

Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир

Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдулҳаким домла Матқулов Ромитан туманида жойлашган “Амир Ҳамза” жоме масжидига ташриф буюриб, масжид аҳлини гўзал суҳбатлари билан хушнуд этди.
Маърузада "Тинчлик қадри", "Силаи раҳм", "Илмнинг фазилатлари" тўғрисида суҳбат юритилди.

Дарҳақиқат, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Халқимизнинг орзуси, мақсади битта – жаҳондаги барча мамлакатларда, элларда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ва фаровон ҳаёт кечирсин. Шунинг учун ҳам халқимиз Юртбошимиз бошчилигида доимо қўшни юртларда тинчлик бўлишини истаб келади. Бу айни динимизнинг ҳам ғоясидир. Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиш учун яратди ва Ўзига ердаги ўринбосар қилди. Ерни куфру исён билан, бузғунчилик билан вайрон қилиш, мавжудотларнинг насл-уруғини қуритишдан қаттиқ қайтарди.

Қуръони каримда бундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Якунда юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

981 марта ўқилди

Янгиликлар

Top