Ўзбекистон янгиликлари

ШУКРОНАЛИК – БУЮК ФАЗИЛАТ

Уламоларимизнинг республикамиз бўйлаб ташрифлари давом этмоқда. Айни пайтда аҳли илмларимиз Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида бўлиб туришибди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Тахиатош туманидаги “Сариқ эшон” жоме масжидига бориб, пешин намозидан сўнг “Шукроналик – буюк фазилат” мавзусида маъруза қилиб берди.

Дарвоқе, бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Аллоҳ таоло, биринчи навбатда, Ўзини шукрни қабул қилувчи деб атади: «Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи Зотдир» (Нисо сураси, 147-оят).

Аслида, биз қанча шукр қилсак ҳам кам. Чунки Раббимиз берган неъматларнинг шукрини тўлиқ адо эта олмаймиз.

Бишр Хофий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аъзоларидан фақат тили билан шукр қилган кишининг шукри ноқис бўлади. Чунки кўзнинг шукри бирор яхшилик кўрганда унга қараш, ёмонликни кўрганда, кўзни юмишдир. Қулоқнинг шукри яхшиликни эшитганда ёд олиш, ёмонликни эса унутишдир. Қўлларнинг шукри ношойитса нарсаларни ушламасликдир. Меъда (қорин)нинг шукри ҳалол нарсалар билан озиқланиш, ақл ва қалбнинг шукри эса илм ва ҳилм билан зийнатланишдир. Оёқларнинг шукри эса яхшиликдан бошқа йўлда юрмасликдир. Ким мана шуларни бажарса, ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади».

Дилдан суҳбат ва гўзал мавъиза савол-жавобларга уланиб кетди.

Ташрифлар давом этяпти.

803 марта ўқилди

Янгиликлар

Top