Ўзбекистон янгиликлари

Яҳё қори Абдураҳмонов: касбу кор ҳам фарз экан деб асосий ибодатлар четга суриб қўйилмайди

Қорақалпоғистон сафари давомида “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси, Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби Яҳё домла Абдураҳмонов Хўжайли туманидаги “Муҳаммад Карим” жоме масжидида пешин намозини жамоат билан адо этди. Сўнг масжид қавмига юртимизда диний-маърифий соҳадаги хайрли ишлар ҳақида сўзлади. Маъруза давомида “Ҳалол касбнинг баракаси” мавзусида сермазмун маъруза қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, Ислом дини ҳалол меҳнат қилиш, касб-кор қилишни улуғлади ва унга ажр-савоблар ваъда қилди.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жумъа сураси 10-оят).

Рофеъ ибн Хадиж разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан энг яхши касб қайси, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан касб қилиши ва ҳар бир яхши савдо”, – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Соғлом, меҳнатга лаёқатли кишининг ўзи ва аҳли аёли учун касб-кор қилиб мол топиши – асосий фарзлардан кейинги фарздир. Лекин касбу кор ҳам фарз экан деб, асосий ибодатларни четга суриб қўйилмайди.

Мусулмон киши зиммасидаги оила аҳлини таъминотсиз қолдириб, касб-кор қилишни ташлаши ёки тиланчилик йўлига ўтиши мумкин эмас, балки ҳалол меҳнат қилиши керак. Кишининг касби одамларнинг кўзига ҳар қанча ҳақир кўринмасин, Аллоҳ таолонинг наздида мақбул ва севимлидир.

Мўмин киши ҳалол касб танлаб, пок йўллар билан мол топиши даркор. Ҳаром ва шубҳали моллардан қочиши керак. Зеро Қиёматда киши қаердан топиб, қаерга сарфлаганини ҳисобини бермагунча, оёқлари ўрнидан жилмайди.

Маърифий суҳбат давомида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Охирда хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

72 марта ўқилди

Янгиликлар

Top