Ўзбекистон янгиликлари

Лангар Мусҳафининг иккинчи умри

Яратган Аллоҳ юртимизни бебаҳо неъматлар ила сийлаган. Уларнинг орасида қадимий қўлёзмаларидан бири – Катта Лангар Қуръони улкан тарихий ва маданий аҳамиятга эга. Бу нодир мусҳаф халқимиз, қолаверса бутун инсониятнинг бебаҳо меросидир.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва кўрсатмалари билан кейинги икки йил давомида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Лангар Қуръони реставрация қилинди, яъни кўп асрлик чанг, ғубор, замбруғу зарарли бактериялардан тозаланди. Эндиликда Ҳазрати Усмон ибн Аффон Мусҳафи билан бирга махсус шароитларда сақлана бошланди.
Мусҳаф саҳифалари таъмири Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида уч босқичда, яъни 2019, 2020 ва 2021 йилларда амалга оширилди.
Куни кеча ушбу таъмирлаш ишларида фаол қатнашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази реставратори Шуҳратиллоҳ Пўлатов, Диний идора кутубхонаси мудири Камолиддин Маҳкамов, мутахассислар Саидраҳмат Икромов, Муҳаммадносир Абдувосиевлар мукофотлар ва ташаккурномалар билан тақдирландилар.
Маросимда сўзга чиққанлар Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати, кенг кўламли таъмирлаш жараёнида мусҳаф яна асл ҳолатига қайтарилгани, эндиликда мусҳаф кўп асрлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Маълумот сифатида, идора музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид мазкур саҳифалар Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Лангар ота” масжидида узоқ вақт сақлангани учун шу ном берилган.
Нодир қўлёзма VIII асрнинг охирида араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврда ёзилган. Тадқиқотларга кўра, умумий ҳажми 206 саҳифа бўлган. Ҳозирда ушбу мусҳафнинг 98 саҳифаси мавжуд, уларнинг 81 таси Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Юртимизда мусҳафнинг 17 саҳифаси бор. Шарқшунослик қўлёзмалар институтида бир саҳифа, Бухоро вилоят кутубхонасида икки саҳифа ва Бухоро давлат музейида бир саҳифа, қолган таъмирланган 13 саҳифа эса Диний идора кутубхонасида сақланмоқда.
Келгусида юртимиз ва халқимиз учун катта неъмат бўлган, ўлкамиз, хусусан пойтахтимизга ўз нури ила файз бахш этиб турган, энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафини ҳам тажрибали мутахассислар ва замонавий усулларда таъмирлаш режалаштирилган.
Аллоҳ таоло ўша кунларга ҳам омонликда етказсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

920 марта ўқилди

Янгиликлар

Top