Ўзбекистон янгиликлари

БМТ делегацияси Самарқандда

Юртимизда расмий ташриф билан бўлиб турган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация 11 май куни Самарқандга ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмоннинг ташрифи буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг қабри зиёрати билан бошланди. Меҳмонни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, Имом Бухорий масжиди имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов кутиб олди. Меҳмонга Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳаёти ва мажмуанинг қисқача тарихи тўғрисида маълумот берилди.

Олий комиссар ҳадис илмининг султони Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этиб, у кишига бўлган юксак эҳтиромини изҳор этди. Бобокалонимизнинг қабрлари пойида тиловат қилинганидан сўнг дуога қўл очилди. Мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътибордан мамнун бўлган Зайд Раад ал-Ҳусайн бундай деди:

“Мен шундай табаррук заминга келганим ҳамда Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилганимдан бахтиёрман. Бу ташриф мен учун шарафдир”. 

Зиёрат якунида юқори мартабали меҳмон мажмуанинг ташриф китобига ўзининг эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.

Шундан сўнг Самарқанд Плаза меҳмонхонасининг мажлислар залида Самарқандда мавжуд 10та диний конфессиялар вакиллари ва турли миллий-маданий марказларнинг раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.

Шунингдек, Зайд Раад ал-Ҳусайн ташриф давомида Амир Темур, Шоҳи Зинда, Хўжа Дониёл мақбараларини зиёрат этди. Айниқса, Самарқанд гавҳари – Регистон мажмуаси меҳмонда ўзгача таассурот қолдирди.

Зайд Раад ал-Ҳусайн юртимизда инсон ҳуқуқлари тўлиқ кафолатлангани Самарқанднинг бугунги қиёфасида яққол акс этганининг бевосита гувоҳи бўлди.

Шу ўринда АҚШнинг собиқ давлат котиби Жон Керри 2015 йил Самарқандга келганида:  “БМТ аслида Амир Темур даврида Самарқандда ташкил этилган эди”, деб  бу азим шаҳарга нисбатан ўз муносабатини билдирганини эслаб ўтиш ўринлидир.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили

6998 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top