Ўзбекистон янгиликлари

Имом Мотуридий маркази Малайзия ислом илмий университети билан меморандум имзолади

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия ислом илмий университети (Universiti
Sains Islam Malaysia – USIM) ўртасида Ҳамкорлик меморандумини онлайн имзолаш маросими ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

1998 йилда ташкил этилган USIM давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. USIM таълим модели диний ва дунёвий фанларни интеграциялаш тамойилига асосланган.

Университетда ислом илоҳиёти ва ҳуқуқи, аниқ, ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича 32 йўналишда таълим олиб борилади. Талабаларнинг араб ва инглиз тилларини ўрганишига ҳам катта эътибор берилади. Бугунги кунда USIMда 13 мингдан ортиқ талаба, шу жумладан 750 дан зиёд хорижлик ёшлар таҳсил олмоқда.

Меморандумни имзолаш маросимида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Маҳсудов ва USIM ректори Муҳаммад Ризо Ваҳиддин иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон раҳбариятининг ислом цивилизациясининг бой меросини ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб қилиш, бағрикенглик маданиятини ривожлантириш ҳамда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини оммалаштириш масалаларига ҳар томонлама ва тизимли ёндашуви қайд этилди.

Муҳаммад Ризо Ваҳиддин сўнгги йилларда Ўзбекистон илмий-академик ҳамжамияти билан олиб борилаётган муносабатларни таъкидлади. Хусусан, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Урганч давлат университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан йўлга қўйилган ҳамкорликка эътибор қаратди. Малайзия университети экспертларининг Ўзбекистонда ташкил этилаётган анжуманларда, хусусан, 2021 йил июнь ойида ўтказилган «Мотуридия таълимоти ва замонавий тараққиёт» мавзусидаги халқаро илмий-амалий онлайн-симпозиум ишидаги фаол иштироки қайд этилди.

Малайзия вакиллари Марказий Осиё олим ва мутафаккирларининг илоҳиёт, илм-фан, санъат ва меъморчилик ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини таъкидлади. Хусусан, Имом Мотуридий таълимотининг мусулмон оламидаги юксак ролига алоҳида урғу берилди.

Янги имзоланган Меморандум томонлар ўртасида ислом динининг бой меросини, хусусан, Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга хизмат қилишига умид билдирилди.

Тадбир якунида қадимий қўлёзмаларни тадқиқ этиш, соф, мўтадил ва маърифатли исломни тарғиб қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, илмий адабиётлар алмашиш, қўшма конференция ва семинарлар ташкил этиш, Ўзбекистон ва Малайзия оммавий ахборот воситаларида қўшма илмий материалларни эълон қилиш, шунингдек, илмий ва кадрлар ўртасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1646 марта ўқилди

Янгиликлар

Top