Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда «Бағрикенглик ҳафталиги» ўтказилмоқда

Жорий йил 15-21 ноябрь кунлари Ўзбекистонда 16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган «Бағрикенглик ҳафталиги» ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь «Халқаро бағрикенглик куни» сифатида нишонланиб келинади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 15 ноябрдаги «Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида юртимизда ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган «Бағрикенглик ҳафталиги» ташкил этилади.

«Бағрикенглик ҳафталиги»ни ўтказишдан мақсад жамиятимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.

Ҳафталик доирасида «Ўзбекистон-бағрикенг диёр» шиори остида туркум маданий-марифий тадбирлар, жумладан, «Дўстликни тараннум этган юрт» ҳужжатли фильми тақдимоти, «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови» халқаро илмий-амалий конференцияси, «Китобхонлик бизни бирлаштиради» китоблар кўргазмаси, «Дўстлик жамиятлари: кеча ва бугун» фотокўргазмаси, «Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз» мавзусида илмий-амалий ва маърифий анжуманлар, бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Мазкур тадбирлар Ташқи ишлар, Адлия, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилади.

«Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида ташкил этиладиган тадбирлар аҳоли, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1790 марта ўқилди

Янгиликлар

Top