Ўзбекистон янгиликлари

Ислом маърифати йўлидаги муҳим бир қадам

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида Тошкент ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – ISESCOнинг Махсус кафедрасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.

Шу муносабат билан Тошкент ислом университети делегацияси ISESCO Бош қароргоҳи Марокаш пойтахти Работ шаҳрида 22-25 май кунлари амалий ташриф билан бўлиб қайтади.

ISESCO Бош директори ва Тошкент ислом университети ўртасида университет таркибида “Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедрасини ташкил этиш юзасидан англашув Меморандуми имзоланди. ISESCO Бош директори Абдулазиз бин Усмон Тувейжрий билан таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик алоқалари муҳокама этилди.

Мазкур икки томонлама келишувлар бевосита Ислом маърифатини ёшлар онгига сингдириш, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилади.

 

Таъкидлаш лозимки, ҳозирда дунё бўйича 18 та ISESCO кафедралари мавжуд бўлиб, Тошкент ислом университетидаги “Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон Ислом тамаддунига беназир ҳисса қўшган алломалари билан мусулмон мамлакатлари томонидан юқори баҳоланади. Бинобарин, Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Бурҳонидди Марғилоний, Мотуридий, Насафий каби алломаларимизнинг номларини эшитган дунёдаги ҳар бир мусулмон қалбида чуқур эҳтиром уйғонишида шубҳа йўқ.

Шу билан бир қаторда истиқлол йилларида юртимизда диний қадриятлар, буюк мутафаккирларимиз илмий меросини ўрганиш, ҳар томонлама таҳлил ва тадқиқ қилиш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда. Навбатдаги кафедранинг очилиши эса ушбу ишларни янада юқори даражага кўтарилишида муҳим қадам бўлди.

Тошкент ислом университети

Матбуот хизмати

6335 марта ўқилди

Янгиликлар

Top