Ўзбекистон янгиликлари

Хўжа Боязид Бистомий мажмуасини қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда

Ҳозирги кунда Буюк Ипак йўли маршрутида жойлашган Қизилтепа туманида йирик реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Унинг ҳудудида 72 та маданий мерос объекти, жумладан, 54 та археологик ёдгорлик мавжуд, шунинг учун вилоят зиёрат туризми жиҳатидан айниқса жозибадор, дея хабар беради “Правда Востока” нашри.

Маҳаллий тарихий диққатга сазовор жой - Хўжа Боязид Бистомий мажмуасининг кенг кўламли реконструкцияси, шунингдек, Тўдакўл кўли қирғоқ қисмида катта замонавий дам олиш майдони ва кўнгилочар мажмуаси ҳудудида сайёҳлик объектларини қуриш тугагандан сўнг республика вилоятлари ва минтақаларидан катта сайёҳлик оқими кутилмоқда. Минтақага келаётган меҳмонларга кўрсатиладиган хизматларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар доирасида ўтган бир ярим йил мобайнида, жумладан, халқаро аҳамиятга эга М-37 автомагистрали бўйлаб бир нечта меҳмонхона мажмуалари қурилди", - дейилади хабарда.

Қадим Қизилтепанинг “Бўстон” қўрғонида ҳазрат Боязид Бистомий зиёратгоҳи борлиги ҳам улуғ авлиёга эҳтиром рамзи албатта. Бу табаррук жойда 1929 йилгача маҳобатли масжид ва минораси бўлиб, советлар даврида бузиб ташланган. Масжид Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан 11.08.1998 йил №08 сон билан рўйхатдан ўтган.

Султонул орифин, бурхонул муҳаққин (таҳқиқ аҳли ҳужжати) Ҳазрат Боязид Бастомийнинг тўлиқ исмлари Имом Абураҳмон ас Суламининг . (936-1021)"Табақоти суфиййа" китобларида берилгандир: Абу Язид (Боязид) Тайфур бин Исо Сарушон. Бу зоти шариф 801 йилда Эрондаги Бастом (Вистом) шаҳрида туғилганлари боис Бастомий номи билан машҳур бўлдилар. Ҳазрат Боязид болалик вақтларида мактабга бораётиб буюк авлиё Ҳазрат Шақиқи Балхий билан рўпара бўладилар ва эҳтиром билан Ҳазрат Балхийга салом берадилар. Шақиқи Балхийнинг назарлари Боязидга тушган заҳоти дейдилар: "Бу гўдак келажакда замонанинг энг буюк авлиёси бўлажак".

Тайфурийя тариқатининг асосчиси Боязид Бастомий илми хол бўйича энг машҳур ва маъруф сиймолардан бири эдилар. Боязид Бастомий 875 йилда вафот этадилар. Ҳақ ризосига, маърифатуллоҳ ва муҳаббатуллоҳга эришган соҳиб каромат валиюуллох, вафотларидан кейин ҳам шогирдлари қалбида яшаб, уларни дунё ва охират ишларидан хабардор этадилар. Уларни дину диёнат ҳукмларини сабр ва таваккул ила адо этмоққа даъват этадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1601 марта ўқилди

Янгиликлар

Top