Ўзбекистон янгиликлари

Улуғбек обсерваториясида қуёш соати ўрнатилади

Яқин келажакда Самарқанддаги машҳур Улуғбек обсерваториясида қуёш соати ўрнатилади. Xabardor.uz таъкидлашича, Ўзбекистон Фанлар академияси астрономия институти ходимлари яратаётган қуёш соати обсерватория каби сайёҳлар ва меҳмонларни ҳам ўзига жалб қилиши, шубҳасиз.

– Ўзбекистон ҳудудида асрлар оша аждодларимиз қуёш, сув, қум, юлдуз соатларидан фойдаланиб келишган, – дейди обсерватория илмий ходими Икромиддин Сирожиддинов. – Бундан бир неча ўн йиллар муқаддам, Совет иттифоқи даврида Улуғбек ҳайкали пойида бетондан ясалган қум соати бўлар эди. У аниқ вақтни кўрсатмас, яъни рамзий соат эди. Аммо ҳозирда олимларимиз обсерваториямиз учун ҳақиқий қуёш соатини яратиш устида иш олиб бормоқдалар. Бунда қадимий қуёш соатлари нусхалари ўрганилиб, қуёш соясига кўра вақт кўрсатиши кўзда тутилган.
Қуёш соати вақт тақсимланишини кўрсатадиган ясси асос ва милдан иборат бўлади. Қуёшли кунда милнинг соясидан кун вақти аниқланади.

Астраномия институти академиги Шуҳрат Эгамбердиев қуёш соатининг бир неча тури бўлишини айтади. Унинг айтишича, ҳозирда ходимларнинг чизмалари асосида тайёрланаётган соат горизонт қуёш соати ҳисобланади. Соат эса тайёр бўлиш арафасида.

Қуёш соати ҳозирда Улуғбек мадарасаси ҳовлисида сақланаётган соатга нимаси биландир ўхшаш. Лекин унинг асос айланаси диаметри 70 сантиметр бўлади. Сояси вақтни белгилайдиган милда Самарқанд шаҳри рамзи – қанотли йўлбарс тасвири бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1408 марта ўқилди

Янгиликлар

Top