Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари: “Одамларнинг энг яхшиси бўлиб яшашимиз керак”

Шу кунларда муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасининг бир қанча туманларида бўлиб, масжидларда намозхонларга диний-маърифий суҳбатлар қилиб бермоқдалар. Бундай манфаатли суҳбатлардан қорақалпоқ аҳли ғоят мамнун бўлиб, муфтий ҳазратларига ўз миннатдорлигини билдирмоқдалар.
Ана шундай гўзал суҳбатлардан бири 23 февраль куни Таҳиятош туманидаги “Сариқ Эшон” жоме масжидида давом этди.
Унда муфтий Нуриддин домла ҳазратлари хуфтон намозидан сўнг жамоатга Аллоҳга мақбул энг яхши амаллар ҳақида мавъиза қилиб, мавзу доирасидаги ҳадислардан ўқиб, уни шарҳлаб шундай дедилар:
– Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда одамларнинг ичида Аллоҳга суюклиси ўзгаларга фойдаси, манфаати етадигани, энг мақбул амали эса бир кишини қалбига хурсандчилик киргизадигани, бир мусулмонни дунёдаги қийинчилигини, машаққатини кеткизадигани, ёки қарздорнинг қарзини узиб қўядигани, шу билан бирга қорни оч одамни тўйдирадигани дейилган. Бугун биз буларнинг қай бирига амал қиляпмиз? Ҳозир шунақа бўлиб қолдики, бирортаси қарз сўраса бермаймиз. Ёрдам қилгимиз келмайди. Муҳтожроқ одамни кўриб қолсак, бирор нарса сўрамасин деб қочамиз. Бу чин мўминнинг ишими? Қўлингиздан келса қарздор одамни мушкулини осон қилинг, муҳтож одамнинг ҳожатини чиқаринг, бу каби амаллар Масжиди Набавийда бир ой эътикоф ўтиргандан афзал дейилган ҳадисларда. Ҳақиқий, чин мўмин бўлмоқчимизми, унда мана шу амалларга эътиборли бўлишимиз лозим.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳақиқий мўмин қандай дуо қилиши ҳақида сўз юритиб, фақат бу дунёни сўрайвермасдан охират яхшилигини сўрашни ҳам таъкидладилар.
Долзарб мавзуда қилинган маъруза йиғилганларда катта таассурот қолдириши баробарида ўзига тегишли манфаат ҳам олишларига сабаб бўлди. Жамоат муфтий ҳазратларининг ташрифларидан беҳад мамнун бўлиб, гўзал суҳбатларидан руҳий озуқа олдилар.
Маърифий суҳбат сўнгида жамоат ва халқимиз фаровонлиги йўлига эзгу дуолар қилинди.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1480 марта ўқилди

Янгиликлар

Top