Ўзбекистон янгиликлари

“Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди”

Қуръони карим бандаларни табиатни авайлаб-асраш ва ҳимоя қилишга чақиради. Ислом динида бу вожиб амал ҳисобланади.

Аллоҳ таоло инсонларни табиатга умумий мулк сифатида қарашга буюрган. Шу сабабдан мусулмон киши учун ернинг барча бойликларини муҳофаза қилиши зарурий амаллардандир.  

Ер ва ундаги нарсалар Аллоҳ таолонинг биз бандаларга инъом этган неъмати. Берилган неъматга шукр – унинг доимий бўлишини таъминлайди. Шукр қилиш ўрнига неъматларнинг қадрига етмай, исроф қилсак, зарар келтирсак унинг заволига сабабчи бўлиб қолишимиз муқаррар. Аллоҳ таоло инсонни ерга халифа қилганида ер унга омонат қилиб берилган эди. Ислом эса ҳар қандай фасодни қоралайди. Жумладан, табиатни ифлослантириш, унга зарар келтириш, бойликларини исроф қилишни ҳам.  

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча муборак ҳадисларида дарахт ва кўчат экишнинг савоби ҳақида айтган бўлсалар яна бир нечта ҳадисларида уларни кесишдан қайтарганлар. Абдуллоҳ ибн Ҳабашийдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким сидр дарахтини кесса Аллоҳ таоло унинг бошини дўзахга тўғрилаб қўяди” (Абу Довуд ривояти). Яна бир ҳадисларида “Дарахтларни кесманглар, чунки у чўлда чорва учун ҳимоядир”, деб айтганлар. Атроф-муҳитни тоза, озода сақлаш ҳам табиатга бўлган муносабатимизнинг бир кўриниши. Ваҳоланки, Исломда поклик иймондан хисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий назар билан қарайди. Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Поклик иймоннинг ярмидир...”, дедилар” (Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят қилишган). Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Басрага волий бўлиб борганларида одамларга шундай хутба қилган эканлар: “Мўминлар амири Умар (розияллоҳу анҳу) мени сизнинг ҳузурингизга юборди. Мен сизга Китобингиз (Қуръони карим) ни, Набиййингизнинг суннатини ўргатаман, атроф- муҳит ва йўлларингизни озода қиламан, тозалайман”.  

Ҳозирги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асримизнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб турибди. Бу муаммо инсониятга келтириши мумкин бўлган ёмон оқибатлари бўйича ҳар қандай ҳалокатдан кам эмас. Албатта, технология соҳасидаги тараққиёт, янги энергия манбаларининг кашф этилиши, маъданлар ва кимёвий моддаларнинг пайдо бўлиши, оқибатини ўйламай, табиатдаги жараёнларга аралашув атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ниҳоятда ташвишли вазиятни вужудга келтирди. Шу боис мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазасини таъминлаш ва яшил майдонларни кенгайтириш бўйича Президентимиз томонидан катта ташаббус илгари сурилди. Яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Табиийки, табиат ва унга оид муаммолар бутун оламдаги юз миллионлаб мусулмонларни ҳам, Ислом уламоларини ҳам ташвишга солмоқда ва улар бу муаммоларни ҳал қилишда Қуръони карим оятларига ҳамда Ислом таълимотларига мурожаат қилишмоқда.  

1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Уламолар Кенгашининг навбатдан ташқари бўлиб ўтган йиғилишида 2022 йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда қайд этилган масалалар ижроси бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг баёноти қабул қилинди. Баёнотда муқаддас динимизнинг табиатга муносабати, нафақат инсонлар балки, наботот ва ҳайвонотга ҳам зарар бериш йўқлиги, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар биримиз ўзимиз яшаб турган шаҳару қишлоқларимизни, маҳаллаларимизни обод қилиб, жорий йилнинг 1 мартидан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири доирасида бошланган кўкаламзорлаштириш ишларида фаол бўлишимиз зарурлиги қайд этилган. Маҳалламизда, кўчаларимизда бир тупдан кўчат ўтқазсак, бутун мамлакатимиз обод бўлиб, боғу бўстонга айланиши эслатилган. Бу улуғвор ишларнининг савоби нақадар улуғ эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан қўллаб-қувватланган. 

Умуммилий лойиҳада иштирок этиш ҳар томонлама савобли амалдир. Зеро, Раббимиз “Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва

Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж сураси, 77-оят) дея, эзгуликнинг интиҳоси нажот эканлигини эслатган. Пайғамбар алайҳиссалом эса "Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди", дедилар. Бу яхшиликни қўлга киритишга шошилайлик, азиз юртдошлар.  

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 

Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби ЎзА.

1288 марта ўқилди

Янгиликлар

Top