Ўзбекистон янгиликлари

Тарихий учрашувга тайёргарлик қизғин

Аввал хабар берганимиздек, айни дамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб турибди.

Дарҳақиқат, бугун бутун инсоният турли муаммоларга дуч келаётган бир пайтда Ислом уламоларининг ҳамжиҳатлиги ва мусулмон умматининг бирлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода ушбу анжуман мураккаб бир даврда туркий халқларни янада жипслашишга, бирдамликка ундайдиган паллада ўтказилаётгани унинг амалий аҳамиятини янада оширади.

Қайд этиш жоизки, охирги йилларда Туркий давлатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб, турли йўналишларда ҳамкорликлар қилинмоқда. Айниқса, мамлакатлар диний идоралари ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилаётганини қайд этиш даркор. Хусусан, ўтган давр мобайнида биргаликда ўтказилган йиғинларда қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, мўмин-мусулмонлар иттифоқлигини таъминлаш ва ислом меросини тадқиқ этишда яхши натижаларга эришилди.

Мазкур Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи анжумани ҳам ана шундай самарали ва ўзаро ҳамкорликларни янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу йил 15 апрель куни бўлиб ўтадиган “Умумжаҳон пандемияси, иқтисодий инқироз ва рақамли дунёда Туркий-Ислом оламининг эртаси ва бугуни” мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, Туркий давлатлар ташкилоти директори Бағдод Амраев, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай Тағанули, Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Тойганбай Абдикаров, Наҳчивон (Озарбайжон автоном республикаси) диний ташкилотлар билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Вугар Бабаевлар ўз маърузалари билан қатнашиши режалаштирилган.

Мазкур йиғилишда кўтарилган муҳим мавзулар ҳақидаги маълумотларни сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1463 марта ўқилди

Янгиликлар

Top