Ўзбекистон янгиликлари

“Яшил макон” лойиҳасида имконияти чекланганлар ҳам фаол қатнашмоқда

Айни кўклам чоғи кўчат экиб боғ барпо этиш табиат кўркамлиги ва об-ҳаво мусоффолигига сабаб бўлиш билан бирга улкан ажру савобга эга амал. Ушбу анъана халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятидир. Бугун ана шу эзгу одат давом этиб, Юртбошимиз ташаббуси билан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида умуммиллий ҳаракатга айланди.

Динимизда Ер юзини обод қилишга буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига кўчат экишга тарғиб қила туриб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадиси шарифда: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади”, дейилади (Имом Муслим ривояти). Ушбу эзгу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради. Қиёмат кунигача садақаи жория бўлиб, банда фойдасига хизмат қилади.

Шу йил 17 апрель куни Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Хузайфо” ва “Тавҳид” жоме масжидларида бўлиб ўтди. Унда Диний идоранинг Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассислари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Янгийўл тумани отинойилари иштирок этди. Унда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ташкил этилиб, тадбир давомида 85 та мевали дарахтлар экилди.

Эътиборлиси, ушбу хайрли ишда соғлом инсонлар билан ёнма-ён имконияти чекланган фуқаролар ҳам фаол қатнашдилар.

Ҳақ таоло ҳаётмиз фаровонлиги, мўминлар манфаати ҳамда табиатимиз кўркам бўлиши учун қилинаётган ушбу хайрли тадбирларни бардавом қилсин, унга ҳисса қўшган инсонларга ажру мукофотини зиёда қилиб берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1321 марта ўқилди

Янгиликлар

Top