Ўзбекистон янгиликлари

Академия докторантининг мақоласи Ўмон Султонлигининг газетасида нашр қилинди

Ўмон Султонлигининг “Асдаа Оман” газетаси Ўзбекистон заминида етишиб чиққан буюк алломалар ҳаёти билан таништиришда давом этмоқда. Жумладан, нашрнинг кечаги сонида Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти М.Атаевнинг “Имом ал-Уструшаний ва унинг илмий мероси” номли мақоласи чоп этилди.

Муаллиф қадимий тамаддун ўчоқлари сифатида юртимизнинг бир қатор шаҳарлари билан бирга Жиззах воҳаси, яъни Уструшана минтақаси ва у ерда етишиб чиққан фиқҳий олим Маждуддин Муҳаммад Уструшаний ҳақида батафсил маълумот берган.

Мақолада таъкидланишича, ўз даврида машҳур бўлган мовароуннаҳрлик фақиҳларнинг илмий асарлари ҳозирги кунда ҳам ислом оламининг нуфузли илм даргоҳларида ҳуқуқшунослик бўйича асосий қўлланма вазифасини ўтаб келмоқда. Бу эса ўз навбатида, Мовароуннаҳр фиқҳ илмининг юзага келиши, ривожланиш босқичлари, йўналишлари, ўзига хос жиҳатлари ва анъаналарини ўрганишга жиддий ёндашув лозимлигини кўрсатади.

Тадқиқотчининг фикрича, юртимиз тарихида содир бўлган иккита ренессанс ғоясининг негизида мустаҳкам илмий асос ётади. Жумладан, бола ҳуқуқлари муҳофазаси кафолатларига оид Мовароуннаҳрда шаклланган қарашлар юртимизнинг умумбашарий аҳамиятга молик ва сивилизацион характердаги марказ бўлганининг ишончли исботларидан биридир.

Ўрта асрларда юртимиз ҳудудида яшаб ўтган машҳур уламоларнинг қолдирган бой илмий мерослари ҳозирги вақтда уйғониш жараёни кечаётган янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда муҳим аҳамият касб этади ва мамлакатимизни дунё тамаддунининг асосий марказларидан бири сифатида тарғиб этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

 

Манба: https://iiau.uz/oz/news/1389

1838 марта ўқилди

Янгиликлар

Top