Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Литва муфтийси билан меморандум имзоладилар

Бугун, 27 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Литва муфтийси Рамазон Ҳазрат жанобларини қабул қилдилар.
Мулоқот аввалида Муфтий ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар тўғрисида сўзлаб бердилар. Айниқса, хорижий диний идоралар билан ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, исломий ташкилотлар билан алоқалар мустаҳкамлангани, ҳалол сертификат бериш йўналишида ҳам ҳамкор ташкилотлар билан ишлар изчил давом этаётгани ва зиёрат туризмини тарғиб қилиш борасида ҳам самарали ишлар қилинаётгани ҳақида сўзлаб бердилар.
Рамазон Ҳазрат икки диний идора ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, диний соҳа ходимларининг тажриба алмашиш ва касб-маҳоратини оширишда ўзаро ҳамкорлик қилиш, маҳсулот ва хизматларга ҳалол сертификат бериш амалиётида яқиндан кўмаклашиш ҳамда зиёрат туризмини кенг тарғиб этиш юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мартабали меҳмонга ҳамроҳ бўлиб келган “Halal Control Lithuania” қўмитаси бош директори Фаррух Азимов учрашувда сўз олиб, Ўзбекистонда маҳсулот ва хизматларга ҳалол сертификат бериш ҳамда зиёрат туризм йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича ўз таклифларини берди. У 2011 йилдан буён ҳалол сертификат бериш йўналишида шуғулланиб келаётгани, мақсади Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни мусулмон ва араб мамлакатларига экспорт қилинишида талаб этиладиган ҳалол сертификатлар билан таъминлаш эканини маълум қилди.
Фаррух Азимов сўзида давом этиб, “Halal Control Lithuania” компанияси бутун дунёда тан олингани, келгусида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ҳалол сертификатлар тақдим этиш йўналишида яқиндан ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. У сўзининг якунида зиёрат туризми йўналишида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилди.
Мулоқотда томонлар ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Меморандумга имзо чекдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1337 марта ўқилди

Янгиликлар

Top