Ўзбекистон янгиликлари

Таниқли уламолар Сергели туманида

Бугун, 24 август куни юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент шаҳри Сергели туманидаги масжидларга ташриф буюриб пешин намозини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб бердилар.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков “Нўғой қўрғон” масжиди жамоатига илмий суҳбат қилиб берган бўлса, ЎМИ раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Сергели туманидаги “Маъруф ота” жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан пешин намозини адо этдилар. Сўнгра йиғилганларга муфтий ҳазратлари Нуриддин домла Холиқназаровнинг дуои-саломларини етказиб, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик ишлари, юртбошимиз томонидан динимизга бўлаётган эътиборларини мамнуният билан баён қилиб бердилар. Сўнгра асосий суҳбат мавзуси “Жаннатдаги қасрлар эгалари” тўғрисида бўлди.
Суҳбат давомида Иброҳимжон домла Иномов жамоатга пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрган муборак тушлари, Жаброил алайҳиссалом билан бўлган савол-жавоблари каби бир-биридан қизиқ воқеалар ҳақида маълумотлар бердилар. Маъруза сўнгида Сергели тумани бош имом-хатиби Эшмурот Оқбўтаев устоз Иброҳимжон домла Иномовнинг ташрифлари учун жамоат номидан миннатдорлик билдирди.
Бундай уламолар иштирокидаги илмий суҳбатлар туманнинг бошқа масжидларида ҳам пешин ва хуфтон намозларидан сўнг бўлиб ўтди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

957 марта ўқилди

Янгиликлар

Top