Ўзбекистон янгиликлари

Мажмуа сифати ва мазмуни бўйича тавсиялар берилди

Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Самарқанд вилоятида бўлиб турибди.

Давлатимиз раҳбари 24 август куни Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Бу зиёратгоҳ буюк муҳаддис бобомизнинг мусулмон оламидаги юксак ҳурматига муносиб тарзда қайта қурилмоқда. Мақбара, улкан масжид, миноралар, айвонлар барпо этилмоқда.

Президентимиз ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

- Бу лойиҳани кўп муҳокама қилдик, қайта-қайта келиб кўрдик. Энди қурилишда ҳам шошмаслик керак. Ҳам зиёрат, ҳам ибодат нуқтаи назаридан бу ерда ҳамма шароит бўлиши зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди.

- Яқинда Мадина шаҳрида бўлганимизда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейини кўрдик. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Булар ёшлар, чет эллик сайёҳларнинг яққол тасаввурида қолади. Музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади, - деди давлатимиз раҳбари.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига бу борада лойиҳа тайёрлаш топширилди.

Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Ҳизр мажмуасига бориб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбарасини ҳам зиёрат қилди.

 

1028 марта ўқилди

Янгиликлар

Top