Ўзбекистон янгиликлари

Самарқанд турли ғоя ва билимлар “қайнаган” макон

Шу кунларда мамлакатимизда, хусусан, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган ШҲТнинг навбатдаги Самарқанд саммитига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

15 -16 сентябрь кунлари ШҲТ саммитига мезбонлик қиладиган Самарқанд шаҳрига ШҲТ аъзолари – Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон, кузатувчи мамлакатлар – Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва шерик мамлакатлар – Арманистон, Озарбайжон, Туркия, Камбоджа, Шри-Ланка каби давлатларнинг раҳбар ва вакиллари ташрифи кутилмоқда. Аввало, бундай нуфузли ва юқори даражадаги халқаро саммитни ташкил этиш юксак шараф бўлиши билан бирга, қабул қилувчи давлатга улкан масъулият ҳамдир. 

Кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мазкур Саммит юзасидан фикр-мулоҳаза ва таҳлилларини ўз ичига олган мақоласи эълон қилинди. Мақола эълон қилиниши биланоқ маҳаллий ва хорижий таҳлилчилар, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиғиш билан қабул қилинди. Унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан экспертлар ўз нуқтаи-назар ва муносабатларини билдиришмоқда. Ушбу мақола Россия, Малайзия, Покистон, Эрон, Туркманистон, Қувайт ва бошқа қатор давлатларнинг оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинган.

Мақолада бугунги кунда дунёдаги вазият, сиёсий жараёнлар, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг аҳамияти, давлатларнинг ўзаро муносабатлари ва халқаро ҳуқуқий макон ёритилди.

Президентимизнинг таъкидлашича, ҳозирги даврда дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорлик эканлигига урғу берилади.

Мақолада кўпчиликнинг эътиборини тортган жиҳатлардан бири бу “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” – деган шиорнинг айтилиши. Албатта, бу ерда бизнинг мамлакатимиз ҳам иқтисодий, сиёсий, мудофаа, хавфсизлик, ҳуқуқий, қўйингки, ҳар тарафлама юксалсагина кейин кучли бўла олади. Бунинг учун ҳар бир шахс, фуқаро, аҳолимиз мажозий маънода кучли бўлиши зарур бўлади.

Кутилаётган саммитнинг эътиборли жиҳатларидан бири жаҳонда рўй берган глобал пандемиядан сўнг уч йилда давлат раҳбарлари кенг доирада тўғридан-тўғри мулоқотлари амалга оширилади. Мазкур анжуманда мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантириш юзасидан янги эшиклар очилиши кутилмоқда.

Ш.Мирзиёев мақолада ШҲТ муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришда деб атаган.

Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим.

Аслида, Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган. Қуръони азиймуш-шонда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13-оят), деб марҳамат қилинган.

Демак, инсониятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонлар турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби ўзаро танишиш, ҳамкорлик қилиш ва маърифат ҳосил қилишдир.

Кўнглида ҳеч бир инсонга адовати бўлмаган ҳамда инсониятга қўли ва тили билан зарари тегмайдиган кишилар билан чиройли муомалада бўлиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, ёвузлик ва зулм-зиён етказиш йўлида асло ҳамкорлик қилмаслик муборак динимиз чақириғидир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси, 2-оят).

Ўзбекистон бугунга қадар жами ШҲТ саммитларига уч маротаба мезбонлик қилган бўлса, барча анжуманлар пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтказилган. Бу сафарги саммит “Буюк ипак йўли”нинг чорраҳасида жойлашган азим ва улуғвор Самарқанд шаҳрида ташкил этилади. Самарқанд нафақат мамлакатимиз балки дунё илм-фани, маданияти, тарихи учун беқиёс ҳисса қўшган олимлар етишиб чиққан юрт ҳисобланади. Ушбу шаҳар Амир Темур бобомиз асос солган салтанатнинг пойтахти сифатида кўп йиллар марказ вазифасини ўтаганлиги барчамизга маълум. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, бугунги Самарқанд шу каби йирик анжуманларни ташкил қила олиш ва ўтказиш салоҳиятига эга.

Давлат раҳбари Самарқанд ўн тўртта мамлакат етакчиларини ташкилотнинг ва унга аъзо ҳар бир давлатнинг фаровонлиги ва равнақига хизмат қиладиган янги ва илғор таклиф ҳамда ташаббуслари билан кутиб олишга тайёр эканини билдирган.

“Ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ. Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилади. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган”, - дея ёзади президент ўзининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида.

Мазкур ҳафта бўлиб ўтадиган саммит очиқ, дўстона ҳамда кўтаринки руҳда ўтишини Аллоҳ таоло насиб қилсин.

Зайниддини Эшонқулов – Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби

1274 марта ўқилди

Янгиликлар

Top