Рамазон

Рамазоннинг oхирги куни

Бизларни Ўзига ибодат қиладиганлардан қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ҳаётнинг барча жабҳаларида бизларга намуна бўлган ислом минорасини кўтарган зот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Рамазон ойининг охирги кунларини ўтказмоқдамиз Рамазон кундузлари рўза тутиб, тунларда қоим, бедор бўлганлардан Аллоҳ таоло рози бўладиган ойдир. Жаннат эшиклари очилиб, шайтонлар занжирбанд қилинадиган ойдир. Бу ой аввали раҳмат, ўртаси мағфират ҳамда охири дўзахдан қутулиш бўлган улуғ ойдир. Бу ой ҳар тунда дўзахга кириши вожиб бўлган кимсаларнинг  юз минги озод бўладиган буюк ойдир. Бу ой рўзадорларнинг нафаси Аллоҳ таоло ҳузурида мискдан-да xушбўй бўладиган муборак ойдир. Бу ой Аллоҳ таоло ва гуноҳкорлар ўтасида алоқа тикланиб гуноҳлар кечириладиган ойдир. Аллоҳ таоло бандаларидан ҳар бир солиҳ амалдан кейин истиғфор айтишини талаб қилади. Бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“…Дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир” (Наср, 3).

“…Аллоҳдан мағфират сўрангиз. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара, 199).

Ҳа азизлар, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи зотдир. Моҳи шариф Рамазон ойининг охирги куну тунларида барча нарсани билувчи, оламлар Раббисига боғланиб, истиғфор ва тавба қилиш билан машғул бўлишимиз лозим. Шояд Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечириб, бизларни янги туғилган чақалоқ каби гуноҳлардан пок қилса.

Қуръони каримда ўтган пайғамбарларнинг қавмларига айтган қуйидаги сўзлари келтирилади:

Нуҳ (алайҳиссалом):

“Бас, дедимки: «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ, 10-12).

  Ҳуд (алайҳиссалом):

(Аллоҳ буюрадики), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур…” (Ҳуд, 3).

Сулаймон (алайҳиссаолом):

 «Эй, Раббим! Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган бир мулк (ҳукмронлик) ато этгин! Сенинг Ўзинггина Ваҳҳоб (барча яхшиликларни ато этувчи)дирсан»” (Сод, 35).

Иброҳим (алайҳиссалом) умрларининг охирида:

“У жазо куни (қиёматда) менинг хатоларимни мағфират этишини умид қилурман”, деганлар (Шуаро, 82).

Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом) ва аёллари Ҳавво онамиз гуноҳ қилиб қўйганларида айтган сўзларини Қуръонда шундай марҳамат қилади:

“Иккиси айтдилар: «Эй, Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз»” (Аъроф, 23).

Аллоҳ таоло истиғфор сўровчиларга шундай ваъда беради:

“Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол, 33).

Аллоҳ таоло барча инсонларга шудай нидо қилади:

(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар, 53).

Бу оят Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўла туриб, дарёнинг кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло ўз фазли билан кечиб юбориши мумкин экани ҳам оят ва ҳадислардан маълумдир (Шайх Абдулазиз Мансур).

Аллоҳ таоло гуноҳ қилиб қўйиб истиғфор айтиб, тавба қилган бандаларини мадҳ этиб шундай дейди:

“Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир. Айнан уларнинг мукофотлари – Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” (Оли имрон, 135-136).

Аллоҳ таолонинг раҳмати улуғлиги ва мағфирати чексиз экани ҳамда чин қалбдан қилинган дуоларни қабул қилиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:   

“У имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни (дуоларини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёдалик ато қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир” (Шуро, 25).

“Аллоҳга тавба қилиб, Ундан кечирим сўрамайдиларми?! (Ахир,) Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зот-ку?!” (Моида, 74).

“Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади” (Нисо, 110).

Биз Рамазонда тавба қилмасак, қачон тавба қиламиз? Аллоҳ таолога Рамазонда қайтмасак, қачон қайтамиз? Ўз нафсимизни Рамазонда ҳисоб-китоб қилмасак, қачон ҳисоб қиламиз? Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда: “Эй бандаларим, сизлар туну кун гуноҳ қилсаларинг ҳам Мен барча гуноҳларни кечирувчиман. Мағфират сўранг, мағфират қиламан”, деди.

Бугун истиғфор айтиладиган, гуноҳлардан фориғ бўлинадиган, Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлинадиган, дўзаҳдан озод бўлинадиган ойининг охирги кунидир. Бу фурсатни ғанимат билиб, тўлиқ фойдаланайлик. Ушбу тунда ўзимизни дўзаҳдан қутқарайлик, намозни, тавба ва истиғфорни кўпайтирайлик, яхшиликларга шошилайлик. Ким катта гуноҳ қилган бўлса, шу кунда афв қилинади. Ким ёмонлик қилган бўлса, бугун кечирилади. Келинглар, бугун Раббимиздан мағфират қилишини сўрайлик, илтижо қилайлик. Ким бу кундан фойдаланмаса пушаймон ва кўп надомат қилади.

Аллоҳ таоло бизларга дунё ва охиратда саодатни насиб қилсин. Умрнинг ҳар сониясини ғанимат биладиганлардан қилсин. Алвидо эй Рамазон. Алвидо эй таровеҳ, Алвидо эй раҳмат ойи.    

 

 Баҳриддин ПАРПИЕВ

92795 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Рамазон барокотлари Рўзанинг умумий тавсифи »

Янгиликлар

Top