Ўзбекистон янгиликлари

Умра зиёратчилари шароитлардан мамнун!

Айни пайтда минглаб ҳамюртларимиз Макка ва Мадина шаҳарларидаги муборак масканларда умра амалини адо этишмоқда.

Қувонарлиси, зиёратчиларимиз ибодатларини мукаммал бажариши учун шароит ва қулайликлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Буни биргина меҳмонхоналардаги шароит ва қулайликда ҳам кўриш мумкин.

Мазкур янгиликлар давоми сифатида жорий мавсумдан эътиборан халқимиз талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда умра зиёрати икки хил шаклда (пакетда) ташкил этилган эди.

Хусусан, ҳозирда зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида Масжидун Набавийга 100-150 метр масофада жойлашган беш юлдузли “Pullman zam zam”, “Crown Plaza” ҳамда 3-4 юлдузли “Saraya Harmony” меҳмонхоналарида; Макка шаҳрида эса “Байтуллоҳ”га 100 метр масофада жойлашган 5 юлдузли “Hilton Convention”, “Double tree” ва “Marriot Makkah” ҳамда Каъбага 1-1,5 км масофада жойлашган 3-4 юлдузли “Olayan Masi” меҳмонхоналарида истиқомат қилишмоқда.

Икки муборак шаҳардаги меҳмонхоналарда ҳожиларимизга тажрибали ишчи гуруҳи хизмат кўрсатмоқда. Улар ибодат ва зиёратларни ташкил этади, юртдошларимизнинг шаръий ва бошқа саволларига жавоб бериб, ҳар қандай мушкулларини ҳал қилишда доимо кўмакчи бўлишади.

Шунингдек, меҳмонхоналарда туну кун тиббий хизмат йўлга қўйилган бўлиб, исталган вақт ҳожиларимиз ўз соғлиги бўйича малакали шифокорлар кўригидан ўтказиши ва маслаҳатлар олиши мумкин.

Мазкур меҳмонхоналарда ҳожиларимизга кун давомида 3 маҳал иссиқ таом – нонушта, тушлик ва кечки овқатда тортилади. Бунда турли салқин ва иссиқ ичимликлар, сарҳил мевалар, ширинликлар ҳам тақдим этилади.

Шу ўринда Маккаи мукаррамада зиёратда бўлиб турган ҳамюртларимизнинг кўрсатилаётган хизмат ва шароитлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик:

Тошкентлик ҳожи ота:
– Меҳмонхонада хилма-хил маззали овқатлардан баҳраманд бўляпмиз. Бу ердаги бизга яратилган шароит ва имкониятдан миннатдормиз. Ҳамммаси юқори даражада ташкил этилган , ҳеч қандай камчилик йўқ. Бунинг учун ишчи гуруҳи ва ошхона ходимларига минг раҳмат. Ҳаммасининг тани-жонлари соғ бўлишсин.

Наманганлик ҳожи ота:
– Мадинаи мунавварада барча қулайликларга эга беш юлдузли “Замзам Пуллман” меҳмонхонасида истиқомат қиляпмиз. Ушбу турар жой мажмуаси Масжиду Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашгани намоз ва зиёратларни кўпроқ адо этишимизга сабаб бўляпти. Мазкур меҳмонхонада уч маҳал иссиқ таомдан тортиб, 24 соат узлуксиз тиббий пунктларгача барча шароитлар муҳайё қилинган. Буларнинг барчаси ибодатларни хотиржам бажаришимиз учун омил бўляпти.

Қашқадарёлик ҳожи она:
– Худога шукр, меҳмонхонанинг овқатлари жуда яхши. Зиёратчиларнинг ҳаммаси дуо қилиб маззали овқатларни ейяпмиз. Ҳамма нарсалари жойида. Айниқса, тозаликка ниҳоятда катта эътибор қаратишади. Ташкилотчиларга раҳмат. Ҳаммалари соғ-омон бўлишсин.

Дарҳақиқат, умра қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Ушбу муборак амални бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савобларга ноил бўлади.

Шу маънода, “Умра — 2022” ташкилотчилари ва ишчи гуруҳ аъзолари ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат этишга ҳаракат қилишмоқда. Хусусан, ишчи гуруҳлар, элликбошилар доимо уларнинг ёнида, шифокорлар соғлиқларидан хабардор бўлиб турибди. Ошпазлар эса ибодатга қувват бўладиган тансиқ миллий таомлардан тайёрлаб беришмоқда. Ҳожиларга сифатли транспорт хизматлари кўрсатиш, уларни белгиланган манзилга кечиктирмасдан етказиб қўйиш мақсадида кўплаб автобуслар ҳам жалб этилган.

Бир сўз билан айтганда, умра зиёрати ташкилотчиларининг бош мақсади зиёратчиларнинг ҳар бир қадамини осонлаштириб, кўп вақтини ибодатга сарфлаш ва бунга Аллоҳ муваффақ қилмоқда, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

854 марта ўқилди

Янгиликлар

Top