Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия Ўзбекистоннинг «Умра+» сайёҳлик тизимини биргаликда тарғиб қилишга тайёр эканлигини билдирди

Бухоро вилояти ҳокимлиги делегациясининг Малайзияга амалий сафари доирасида Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимиз зиёрат туризми салоҳияти тақдимоти ва икки давлат туроператорлари иштирокида В2В форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Унда Малайзиянинг «Bumitra» мусулмон туроператорлари уюшмаси президенти Харун Ахмму, Малайзия Сайёҳлик компаниялари ва туроператорлари уюшмаси (МАТТА) президентининг ўринбосари Мохд Оқил Бин Мохд Юсуф, шунингдек, 30 дан ортиқ малай сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этди.
Малайзия туризм соҳаси вакиллари Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти, мамлакатимизда туризм инфратузилмаси ва меҳмондўстлик саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан таништирилди.
Малай томони Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишлари ва пакетларини, жумладан, «Умра+» сайёҳлик тизимини биргаликда тарғиб қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Ўзбекистон томони 2023 йил март ойида Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги йирик Малайзия чиқиш туризми «МАТТА Fair» халқаро ярмаркасида иштирок этиш учун таклиф этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

617 марта ўқилди

Янгиликлар

Top