Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Ёсир Абдулбосит юртимизга ташриф буюрди

Бугун, 25 октябрь куни Қуръони карим қироати олими, мисрлик Шайх Ёсир Абдулбосит Муҳаммад Салим Абдуссамад юртимизга ташриф буюрди.

Тошкент халқаро аэропортида меҳмонни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов ва бир гуруҳ мутасаддилар кутиб олди.

Ҳақиқатан, Миср диёри қорилар ила дунёга машҳур. Мустафо Исмоил, Муҳаммад ва Маҳмуд Сиддиқ Миншавий ҳамда Абдулбосит Абдуссамад каби хушовоз қориларни алоҳида мисол қилиб келтириш мумкин.

“Бутун жаҳон қорилар мусобақаси”нинг уч карра ғолиби, қироати аудио кассеталарга биринчи ёзилган инсон, Миср қорилар уюшмасининг илк президенти, “Жаннатдан келган овоз эгаси” ва “Макка овози”, деб баҳо берилган Абдулбосит қори Абдуссамад раҳимаҳуллоҳни барча яхши танийди. Шайх Ёсир Абдулбосит мана шундай табаррук инсоннинг зурриёти ва илмий мероси давомчисидир.

Шайх Ёсир Абдулбосит ўғлининг диёримизга ташрифи давомида муборак қадамжолар, диний таълим муассасалари, жоме масжидларга зиёратлари режалаштирилган ва уламолар билан мулоқотлар қилиши назарда тутилган.

Маълумот ўрнида, машҳур Шайх Абдулбосит Абдуссамаднинг 11 нафар – 7 ўғил ва 4 қиз фарзанди бўлган. Шайх Ёсир мазкур қуръоний оиланинг ўнинчиси яъни ўғил фарзандларнинг энг кенжаси ҳисобланади.

Шайх Ёсир Қуръон таълимини отаси Шайх Абдулбоситдан олган. У Қуръони карим қироатига тўлиқ вақт ажратиш мақсадида турли меҳнат фаолиятларини тугатган. Ҳозирда Қуръони карим қироатлари ва тажвиди бўйича фаолият олиб бормоқда.

Ушбу файзли ташриф жараёнлари Muslim.uz ва AlQuran.uz нинг ижтимоий тармоқ саҳифаларида кенг ёритиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Muslim.uz 

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

1021 марта ўқилди

Янгиликлар

Top