Ўзбекистон янгиликлари

Қалблар мунаввар этилди

Бугун, 1 декабрь куни “Сиз бизга кераксиз” шиори остида “3 декабрь – халқаро ногиронлар куни” муносабати билан ногиронлиги бор ҳамюртларимиз иштирокида “Ezidiyor” мажмуасида дилдан маърифий суҳбат ва уларнинг қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Маросим Қуръон карим тиловоти ва хайрли дуолар ила бошланди.

Сўзга чиққан Ҳомиджон домла Ишматбеков юртимизда ногиронлиги бор кишилар қадр-қимматини кўтариш, турмуш шароитини яхшилаш борасида қилинаётган хайрли ишлар ҳақида сўзлаб, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларидаги марказий масжидларда диний-маърифий суҳбатлар ташкил этилаётгани, жума мавъизалари сурдо тилида онлайн узатилаётгани, диний соҳага оид адабиётлар билан таъминланаётганини қайд этдилар, муборак динимизда эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, ногиронлиги бор кишиларга меҳр-оқибатли бўлиш улуғ савобли амал, бу каби хайрли ишлар барчанинг вазифаси, инсоний бурчи эканини изоҳладилар.

Шунингдек, Абдуқаҳҳор домла Юнусов гапириш ва эшитиш борасида имконияти чекланган юртдошларимиз орасида миссионерлик ҳолатлари учраши мумкинлиги ва унинг олдини олиш борасида мавъиза қилди.

Маросим асносида ногиронлиги бор ҳамюртларимизнинг қўл меҳнати кўргазмаси ўтказилди. Унда иштирокчилар ушбу дўстларимизнинг қўл меҳнатлари асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан яқиндан танишди ва ижодларига юқори баҳо бериб, ўзларига ёққан буюмларни харид қилдилар.

Тадбирда қизиқарли савол-жавоблар викторинаси ўтказилиб, ғолиблар эсдалик совғалар билан тақдирланди. Жисмоний имконияти чекланганлар ижросидаги гўзал нашидлар ва ажойиб салавотлардан баҳраманд бўлди. Ҳомийлар кўмагида юртдошларимиз учун хайрия ош дастурхони ёзилди.

Бир сўз билан айтганда, дилдан суҳбат, Қуръон тиловати ва хайрли дуолар, ажойиб кўргазма, диний савол-жавоблар, нашид ва салавотлар, ҳадялар ва бир дастурхон атрофидаги дийдор қалбларга қувонч, ёруғлик ва мунавварлик бахш этди.

Аллоҳ таоло мана шундай манфаатли суҳбатларни бардавом айлаб, унга ҳисса қўшаётганларга икки дунё саодатини берсин.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

277 марта ўқилди

Янгиликлар

Top