Ўзбекистон янгиликлари

“Шоҳи зинда” масжиди: ўтмиш ва бугун

Ўзбекистон масжидлари туркумидан

“Шоҳи зинда” масжиди Самарқанд шаҳрининг энг тарихий обидаларидан бўлган “Шоҳи зинда” меъморий мажмуаси таркибидаги жомедир. Шарқ меъморчилик санъатининг дурдонаси, тарихий обидалар гултожи бўлган “Шоҳи зинда” мажмуасида 40 дан ортиқ мақбаралар мавжуд. Юқори қисм мақбаралари Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари томонидан XIV аср ва XV асрнинг бошларида барпо қилинган. Пастки қисм мақбаралари асосан Соҳибқирон набиралари Улуғбек Муҳаммад Мирзо томонидан XV асрда қурилган. Масжид-мажмуа – “Шоҳи зинда” (Қусам ибн Аббос) номи билан номланган. Бу зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакизодалари, хулқлари ва шакл-шамойил жиҳатдан у зотга жуда ўхшаган қариндошларидир. Ҳазрати Қусам ибн Аббоснинг “Шоҳи зинда” (“Тирик шоҳ”) деб аталиши Қуръони каримнинг шаҳидлар ҳақидаги ояти карималарига мувофиқдир. (Бақара сураси, 154-ояти ҳамда Оли Имрон сураси, 169-оятларида Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларни асло ўликлар деб санамаслик, улар Роббиси ҳузурида тирик эканлиги баён қилинган).

Ушбу мажмуадаги мақбаралар мустақиллик йилларигача жуда ҳароба ҳолатда бўлиб, 2004 йил 16 июнда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти И.Каримов ташаббуси билан “Шоҳи зинда” (Қусам ибн Аббос) ёдгорлик мажмуасини қайта тиклаш ва ободонлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Икки йил давом этган таъмир ишлари жараёнида барча мақбаралар қайта тикланди ва мажмуада улкан ҳажмдаги таъмир ишлари бажарилди.
Таъмир жараёнида мажмуанинг ичида XI-XII асрларда қурилган, Қорахонийлар даврига мансуб мақбара пойдеворлари топилди ва консервация (тарихий объектни узоқ муддат сақланиши учун зарур бўлган чора, амалиёт) ишлари амалга оширилган.

“ШоҳиЗинда” мажмуасида бир қатор номаълум мақбаралар мавжуд, ушбу мақбаралар таъмир жараёнида пойдеворидан бошлаб тикланган. Мажмуада мавжуд бўлган деворий ва пештоқ безаклари ҳам тикланди, шунингдек, арабий ҳуснихатлар, жумладан, Қуръон оятлари, ҳадислар ва улуғ ўтган мутафаккир олимларимизнинг ҳикматлари битилган битикларнинг аксари топилди ва тикланди.

Мажмуада 2 та масжид бор. Пастки қисмдаги масжидда 5 вақт, жума ва ҳайит намозлари адо этилади. Юқори қисмдаги масжид зиёратчилар учун ҳозирлаб қўйилган.

2007 йилдан бошлаб “Шоҳи зинда” мажмуаси тўлалигича Президент фармони билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига ўтди. “Шоҳи зинда” мажмуасига, айниқса, таъмирдан кейин келаётган хорижий сайёҳ ва маҳаллий зиёратчилар сони кўпайиб бормоқда.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

882 марта ўқилди

Янгиликлар

Top