Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Қирол Файсал номидаги Исломшунослик тадқиқотлар маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик ривожланмоқда

13 декабрь куни мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Саудия Арабистони Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази ўртасида видемулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад икки муассаса ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўлёзма ва илмий асарларни биргаликда ўрганиш ҳамда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг Ар-Риёдда бўлинмасини ва Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари марказининг Ислом цивилизацияси марказида кутубхонасини ташкил этиш билан изоҳланади.
Элчи Улуғбек Мақсудов ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари турли соҳаларда ривожланиб бораётгани, хусусан, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 18-19 август кунлари Подшоҳликка амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ислом цивилизацияси маркази директорининг илмий масалалар бўйича ўринбосари Фирдавс Ҳалимов Саудия томонини Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази фолияти билан таништирар экан, ушбу муссаса Ўрта Осиёда ягона эканлигини, бу ердаги фаолият Ислом маданияти ривожига ҳисса қўшган уламоларнинг асарлари ва қадимий қўлёзмаларни тадқиқ этишга қаратилганини қайд этди.
Ўз ўрнида, Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази бош котибининг ўринбосари Иброҳим Дуғайсир Ўзбекистон илмий меросга бой эканлиги, бу ерда кўплаб қадимий қўлёзмалар сақланиши ва ушбу юртдан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг Ислом ривожига қўшган беназир ҳиссаларини дунё халқлари эътироф этишини айтди. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг Подшоҳликка олий даражадаги ташрифи икки мамлакат манфаатларига бирдек хизмат қилишини ва ўзаро алоқалар ривожида асосий туртки бўлишини қайд этди.
У, шунингдек, ҳозирги кунда ЎИЦМ билан икки томонлама алоқалар ўрнатилганидан мамнун эканлигини билдирар экан, биргаликда илмий изланишларни олиб бориш, ўзаро маълумотлар алмашиш ва икки марказнинг бўлинмалари ҳамда кутубхоналарини очиш муҳим эканлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва биргаликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ тузиш ҳамда музокараларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

872 марта ўқилди

Янгиликлар

Top